Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Мактабгача таълим агентлигида тадбир бўлиб ўтди

19:14 31 Август 2023 Жамият
791 0

Бугун агентлик биносида давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори А.Шин сўзга чиқиб, “Мамлакатимизнинг ўттиз икки йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қисқа давр ичида, айниқса унинг охирги олти йиллигида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётида туб ислоҳотлар ва бурилишлар даври бўлаётганлигини сезмоқдамиз. Хусусан таълим-тарбия соҳасида самарали ишлар амалга оширилмоқдаки, келажак авлодни етук баркамол шахс қилиб вояга етказиш мақсад қилинган.

Мана шу қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг босиб ўтган мураккаб йўлини, унинг эришган муваффақиятларию, ривожланишнинг секинлашиш даврини эслашимиз ва бунда тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишларга, эришилган натижаларга холисона баҳо беришимиз, ушбу натижалар моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишимиз  ва келажак авлодларга ҳаққоний қилиб етказишимиз керак” – дея таъкидлади.

Шунингдек, А.Шин “Юртимизга халқимизга барчамизга мустақиллик муборак бўлсин” – дея ўз сўзини якунлади.

Шундан сўнг Мактабгача таълим агентлиги директори маслаҳатчиси Х.Буриев сўзга чиқди ва қуйидагиларни маълум қилди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бугун мамлакатимизда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санаси “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган ғоя негизида баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда.

Айнан 1991 йил 31 август куни халқимиз ўз Ватани, тақдири ва келажагига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Дунё харитасида “Ўзбекистон Республикаси” деган янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлди.

Ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди, давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Қарорда кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилаётганлиги алоҳида қайд қилинган.

Чиндан ҳам бугунги кунда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, хусусан, янгиланган Конституциямизнинг қабул қилиниши эл-юртимиз Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётганини яна бир бор яққол тасдиқлади.

Тадбир якунида юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш – ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозимлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер