Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қўшма декларациянинг имзоланишини олқишлайди — ТИВ
Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида муҳим натижага эришилганини олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 35 йил давом этган можаролардан сўнг, кеча, 8 август куни Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида тинчлик декларациясини имзолади.
Келишувга кўра, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган.
«Куни кеча Вашингтонда тарихий Қўшма декларациянинг имзоланишига Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси етакчиларининг кучли сиёсий иродаси ва қатъияти, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президентининг фаол тинчликпарвар саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди, деб ҳисоблаймиз», дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.
Шунингдек, баёнотда Ўзбекистон барча томонларнинг кўп йиллик можарони бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаши алоҳида қайд этилган.
«Жанубий Кавказда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликнинг имкон қадар тезроқ ўрнатилиши кенг минтақамиздаги барча халқлар манфаати учун йирик транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади», дея ишонч билдирган Ўзбекистон томони.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг