Ўзбекистон Нотариал палатаси: уч йиллик фаолият сарҳисоби
Фото: "Халқ сўзи"
Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ташаббуси билан Тошкентда нотариат соҳасини такомиллаштиришга бағишланган «Касбим — фахрим менинг» мавзусида семинар ташкил этилди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар таклиф этилди. Нотариусларни семинарда иштирок этишлари даврида жойларда фуқароларда ноқулайликлар келиб чиқишини ҳамда турли эътирозларни олдини олиш мақсадида барча ҳудудларда навбатчи нотариуслар фаолияти ташкил этилди.
Маълумки, 2020 йил Ўзбекистон нотариат тизими ислоҳ қилиниб, давлат нотариат тизими нодавлат тизимига ўтказилди ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар шакллантирилди.
Бугунги кунда республикамизда 954 нафар хусусий нотариуслар фаолият кўрсатиб келмоқда. Фақат олис ҳудуд ҳисобланган Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани 1 нафар давлат нотариуси сақлаб қолинган.
Нотариат тизимини ислоҳ қилинганига бугун 3 йил тўлди. Шу давр ичида нотариат соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилдики, булар соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли равишда босқичма-босқич ечиш имконини бераётир.
Семинарда нотариат соҳасида 3 йил давомида амалга оширилган ишларни таҳлил қилинди, мавжуд муаммоларни аниқлаб олинди ҳамда уларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш, шу билан бир қаторда соҳани янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Фаол халқаро ҳамкорлик
Ўтган даврда Ўзбекистон нотариал палатаси 9 хорижий давлат — Германия, Франция, Литва, Россия, Белоруссия, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон ва Қирғизистон нотариал палаталари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Шу билан бирга, 20 давлат ва нодавлат ташкилотлар билан меморандумлар имзоланиб, фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 2 та онлайн конференцияда, 4 та халқаро онлайн семинарда нотариусларнинг иштироки таъминланди.
Эришилган ютуқлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётир. Хусусан, Франция, Германия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг нотариат соҳасидаги тажрибасига катта баҳо берди. Бу ҳам ишлар тўғри ташкил этилаётганидан далолатдир.

2022 йилнинг май ойида Мюнхен шаҳрида (Германия) бўлиб ўтган Халқаро нотариуслар иттифоқи Бош кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳамда 2022 йилнинг июнь ойида Нур-Султон шаҳрида Халқаро нотариуслар иттифоқи томонидан ташкил этилган II Марказий Осиё халқаро нотариал конференциясида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, 2022 йилда Франция нотариуслари Олий Кенгаши Конгрессида, Мексикада бўлиб ўтган Халқаро нотариуслар иттифоқи Конгрессида, Санкт-Петербургда бўлиб ўтган халқаро конференцияда мамлакатимиз вакилларининг иштирок этди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон нотариат тизимини хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш, нотариат соҳасида Ўзбекистон тажрибасини оммалаштириш хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Халқ билан мулоқот
Биргина ўтган йил давомида Нотариал палата ҳамда ҳудудий бошқармаларга жами 621 та мурожаат келиб тушди. Шундан 186 таси қаноатлантирилган бўлса, 314 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди. Олтмиш олтитаси тегишлилиги бўйича Адлия вазирлигига юборилди.
Шунингдек, 76 нафар номзодга хусусий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. Йил давомида 10 428 та сайёр нотариал хизмат кўрсатилган.
Қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Нотариал палата томонидан соҳага тегишли 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича 32 таклифлар киритилган. Шундан 14 таси қабул қилиниб, қўшимча ва ўзгартишлар киритилган.

Шунингдек, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти , Кадастр агентлигига бир қатор ташкилотларга ҳам таклиф киритилди. Улардан аксарияти қабул қилинди.
Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар, ишончномалар ва аризаларни расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси консуллари, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Соғлиқни сақлаш ҳамда Мудофаа вазирликлари ваколатли раҳбар ходимлари, Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун Услубий қўлланма ишлаб чиқилди.
Малакали кадрлар соҳа тараққиётига хизмат қилади
Нотариал палата билан Юристлар малакасини ошириш маркази (ЮМОМ) ўртасида 2020 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум доирасида 2022 йил давомида 547 нафар нотариуслар медиаторлик курсларида ўқитилди ҳамда уларга профессионал медиаторлик сертификатлари берилди.
Нотариал палата ҳузурида «Ёш нотариуслар клуби» ташкил этилиб, унга республикамиздаги олий юридик маълумот берадиган ўқув юртларининг 594 нафар талабалари аъзоликка қабул қилинди. Уларни малакали нотариусларда амалиёт ўташлари ташкил этилди. Жумладан, ТДУЮ, СамДУ, НамДУ, Термиз ДУ ҳамда Бухоро ДУ ва Қорақалпоқ ДУнинг ҳуқуқшунослик факультетлари билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилганлигининг уч йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда «Нотариус мадҳияси» ҳамда «Нотариус кундалиги» китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, муаллифи Шаҳриёр Шавкат бўлган ушбу мадҳия жаҳон нотариат тизимида ягона, худди шундай «Нотариус кундалиги» китоби ҳам нотариат тарихида биринчи ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг