Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Халқаро нотариуслар иттифоқининг Осиё ишлари бўйича комиссияси президенти этиб сайланди

12:15 22 Июль 2023 Сиёсат
973 0

Шу кунларда Ўзбекистон Нотариал палатаси делегацияси Индонезиянинг Джокякарта шаҳрида бўлиб турибди.

Кеча делегация Халқаро нотариуслар иттифоқининг Осиё ишлари бўйича комиссиясининг “Рақамлаштириш асри ва Иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашда фуқаролик ҳуқуқи. Фахрий ва ишончли нотариуслар ўрнини сақлаб қолиш мақсадида ХНИ аъзолари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш” мавзусида мажлисида иштирок этди.

Нуфузли тадбирни Индонезия нотариуслари Ассоциацияси Президенти Юалита Видядхари хоним очиб берди. Тадбирда ХНИ президенти Л. Галлиез иштирок этди.

Сўнгра Осиё ишлари бўйича комиссия аъзолари — Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ветнам, Мўғулистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ливан, Индонезия томонидан жорий Осиё ишлари бўйича комиссиянинг ҳисоботи тингланди.

Шундан сўнг, комиссия келгуси муддатга (2023-2025) Президентликка номзодни кўриб чиқди. Комиссия аъзолари бир овоздан ушбу нуфузли комиссия раислигига Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуровнинг номзодини маъқуллаб овоз бердилар. 

Мажлисда ОИК навбатдаги мажлиси бўлиб ўтадиган жой ва вақтни белгилаб олинди. Халқаро анжуман бугун ўз ишини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро Нотариуслар Иттифоқи (UINL-Union Internacional del Notariado Latino) 1948 йил 2 октябрь куни Аргентинанинг Буэнос-Айресс шаҳрида ташкил топган бўлиб, барча беш қитъадан жами 91 мамлакат нотариусларни бирлаштирувчи халқаро ташкилот ҳисобланади.

Ушбу нодавлат ташкилотнинг асосий вазифаси – бутун дунё бўйлаб лотин нотариати тизими асосий тамойилларини, нотариал функциялар ва фаолиятни тарғиб қилиш, мувофиқлаштириш ва ривожлантиришдан иборатдир.

Ўзбекистон Нотариал палатаси 2021 йил 3 декабрь куни Халқаро Нотариуслар Иттифоқига 91аъзо сифатида қабул қилинди.

Жорий йилнинг апрелида эса Ўзбекистон нотариатининг ХНИнинг энг нуфузли комиссияси – Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссияси аъзолигига сайлангани ҳақида хабар берган эдик.

ХНИ қитъа комиссиялари: Африка ишлари бўйича, Америка ишлари бўйича, Осиё ишлари бўйича ҳамда Европа ишлари бўйича комиссиялардан иборат бўлиб, улар техник ва ҳуқуқий жиҳатдан нотариал масалалар бўйича ишлайди, минтақавий ва қитъалар аро миқёсда ўқув кунлари ва семинарлар ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер