Ўзбекистон компаниялари Нью-Йоркда ўз савдо уйини очишди
Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг навбатдаги савдо уйи фаолияти йўлга қўйилди. У ерда “SAG” компаниясининг миллий гиламлари ҳамда “Gulnor” бренди остида ипакдан тўқимачилик маҳсулотлари тақдим этилади. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабар берди.
Таъкидлаш жоиз, 2000 йил Самарқанд шаҳрида асос солинган “SAG” савдо белгиси гиламлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиё ва МДҲдаги етакчи корхона ҳисобланади ҳамда ҳар йили 12 млн. метр квадрат шу турдаги маҳсулот етказиб беради. Бу ерда ипни шодалашдан тортиб тайёр товарни қадоқлашгача бўлган барча жараёнларда энг замонавий технологиялар қўлланилади.
Шаҳрисабзлик ҳунарманд Гулнора Одиловага тегишли “Gulnor” компаниясида эса, айтиб ўтганимиздек, ипакдан тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланади. Айни пайтда мазкур корхонада қашқадарёлик 200дан ортиқ хотин-қизлар фаолият юритиб келяпти. Гулнора Одилова Нью-Мексико штати Санта-Фе шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Халқ амалий санъати халқаро бозори”(International Folk Art Market, IFAM)нинг доимий иштирокчисидир.
Дипломатик ваколатхонамизнинг миллий савдо уйларининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан вакили Ўзбекистонда бизнес қилиш учун қулай иқлим яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзбек маҳсулотларини чет эл бозорларида илгари суришга устувор аҳамият қаратилаётганига тўхталиб ўтди. Бинобарин, шу йўл билан маҳаллий ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча шароитлар яратиб берилаётир.
Маълумот учун, бу ушбу компаниялар томонидан охирги икки йилда ташкил этилган иккинчи савдо уйидир. Биринчиси ўтган йил ноябрь ойида Филадельфия шаҳрида очилган эди.
“SAG” компанияси менежери Саида Ҳакимованинг айтишича, мазкур савдо уйи юртимизда ишлаб чиқарилган турли маҳаллий товарларнинг кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш учун тижорат майдони вазифасини ҳам бажариб беради.
Жумладан, янги “шоу-рум”га ташриф буюрганлар ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари сифати ҳамда ранг-баранглигига юксак баҳо берди. АҚШга етказиб берилаётган товарлардан катта талаб билан фойдаланилаётгани, улар жуда рақобатбардош эканлиги бунинг тасдиғидир.
Бугунги кунга келиб юртимиз компаниялари томонидан Филадельфия ва Нью-Йоркдаги иккита савдо уйига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамда умумий қиймати қарийб 300 минг долларлик 32 тонна гилам ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берилди. Қўшимчасига 350 минг долларлик товарлар юборилди.
Эътиборлиси, “Gulnor” компанияси Нью-Йорк шаҳри мезбонлик қилган “NewYork NOW” халқаро фестивалида ҳам қатнашди. Унда мамлакатимиз ва мезбонлар қатори дунёнинг 80 давлатидан 2300дан зиёд брендлар ҳам ҳозир бўлди. Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари, Франция, Италия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайвань, Австралия кабилар шулар жумласидандир.

Кўргазмага, шунингдек, “abccarpet&home”, “Ross”, “Walmart”, “Fortuny/Venezia”, “CalvinKlein”, “GAP” каби йирик ритейлерлар, дизайнерлар, чакана савдо компанияларининг 25 мингдан зиёд вакиллари ҳам ташриф буюрди.
Ушбу йирик форумда “Gulnor” савдо белгиси томонидан Шаҳрисабз ипагидан “Ироқи” усулида тикилган миллий тўқимачилик маҳсулотлари намуналари катта ассортиментда тақдим қилинди. Бу эса уларни нафақат АҚШ, балки бутун дунёда ҳам кенг тарғиб қилинишига имкон яратди. Зеро, “NewYork NOW” тадбири 400дан ортиқ хориж оммавий ахборот воситалари томонидан бутун жаҳон бўйлаб бевосита ёритиб борилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон элчихонаси кўмаги билан АҚШнинг икки шаҳрида миллий савдо уйларининг очилиши, қолаверса, маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро фестивалларда иштирок этиши Ўзбекистондан океан тўқимачилик маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш ҳажмларини ошириш, америкаликлар орасида ўзбек миллий маданияти, қадриятлари ва санъатини оммалаштиришга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг