Ўзбекистон Европа Иттифоқининг «GSP+» дастурига аъзо бўлди. Бу қандай имкониятлар беради?

05:20 13 Апрель 2021 Иқтисодиёт
2337 0

Европа Иттифоқи (ЕИ) чуқур ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни амалга ошираётган Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қарамоқда. Мамлакатнинг халқаро тузилмаларга интеграциялашуви ҳамда Европа ҳамжамияти билан муносабатларини чуқурлаштиришга ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқчи. Зотан, ўзаро манфаатли алоқаларнинг бугунги юксак даражасини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳар доимгидан ҳам долзарбдир.

Янги экспорт бозорларига чиқиш — устувор мақсад

Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлаш масалалари бу борада устувор аҳамиятга эга.

Савдони либераллаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестицияларни кўпайтиришга тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, бозорларга чиқиш масалаларида ҳамкорлик механизмлари ҳам муҳим вазифалардан саналади.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга Мурожаатномасида мазкур йўналишга ҳам алоҳида тўхталар экан, «Ишончим комил, янги Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик кўламининг кенгайиши икки томонлама алоқаларнинг мазмун-моҳиятини бойитиш, қизиқарли лойиҳаларни илгари суриб, янги марраларни забт этишга хизмат қилади.

Европа Иттифоқи тузилмалари билан яқин ҳамкорликда мамлакатимизга кенгайтирилган савдо преференциялари — “GSP+” тизимини татбиқ этиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Ушбу тизим келгусида республикамизда ишлаб чиқариладиган 6 мингдан зиёд турдаги маҳсулотларни Европа бозорига бож тўламасдан олиб кириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, биргина тўқимачилик маҳсулотларининг йиллик экспортини 300 миллион долларга ошириш учун шароит яратади» дея таъкидлаганди.

Бинобарин, янги экспорт бозорларига чиқиш ҳукуматнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолиши белгилаб берилди. Бу борада жорий йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи ҳамда ЕИ билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича ишларни фаоллаштириш, “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш масаласи устувор йўналишлар қаторида кўрсатиб ўтилди.

Муҳим тарихий воқеа

Шу маънода, жорий йилнинг 10 апрелидан Ўзбекистон учун ЕИнинг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (“GSP+”) кучга киришини муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этиш мумкин. Унга кўра, Ўзбекистон мазкур тизимга Преференциялар бош тизими (“GSP+”) доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди. Бу ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлиб, томонлар ўртасидаги мулоқотни ҳамда савдо алмашинувини янада чуқурлаштиришга имкон беради. Ушбу сана ЕИ ва Ўзбекистондаги кўплаб манфаатдор томонлар, жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари, ишбилармонлар доиралари ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан шерикликда янги йўлнинг бошланиши демакдир.

Пировардида Ўзбекистон энди ЕИга қатор маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериши мумкин. Чунки “GSP+” дастури ЕИ бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги ва бошқа айрим турдаги маҳсулотлар экспортига берилган имтиёз саналади. Унга аъзо бўлган давлат ЕИ бозорларига 3 мингга яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3 200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

Масалан, “GSP+” тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жадаллаштиришда муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Бу Ўзбекистон учун жуда долзарбдир.

Эътиборлиси, ушбу янгилик кўҳна қитъадаги йирик бизнесменлар томонидан ҳам ижобий кутиб олиняпти.

Хусусан, Франциянинг “ALD Group” компанияси бош директори Арно Дриолле Ўзбекистон томонидан ЕИнинг “GSP+” бенефициар мақомини олишини катта хушхабар, деб атади.

«Ушбу воқеа мамлакат раҳбарияти томонидан иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижасидир, — дея эътироф этди у. — “GSP+” натижасида тариф тўсиқларининг бекор қилиниши ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорига экспорти ҳажмининг ўсишига, шунингдек, халқаро сифат стандартларини таъминлаш учун ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантиришга ёрдам беришига ишончим комил.

Ушбу имтиёзли тартиб, шунингдек, Франция ва Ўзбекистон компанияларининг фаол ҳамкорлиги орқали янги Ипак йўлининг ривожланишига ёрдам беради ҳамда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик учун янги истиқболларни очади».

Нидерландиянинг «Солинта» компанияси ижрочи директори Карл Рентес эса Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик кўламининг бу борадаги кенгайиши ўзаро алоқалар мазмун-моҳиятини бойитиши, янги марраларни забт этишга хизмат қилишига эътибор қаратди.

«Ўзбекистон “GSP+” бенефициари мақомини олгани тарихий воқеа бўлиб, мамлакат тараққиётидаги янги муҳим босқични бошлаб берди — дейди у. — Шу маънода, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, “GSP+” мақоми Ўзбекистонга ЕИ билан нафақат савдо, балки технологиялар, билим ва малакаларни алмашиш соҳасида ҳам улкан имкониятларни очади».

Гувоҳи бўлганингиздек, юқоридаги янгиликдан ҳар икки томон вакиллари ҳам бирдек манфаатдордир.

Масъулиятли мақом берилишининг асл сабаби нимада?

Хўш, ЕИ қайси омиллар асосида республикамизга “GSP+” бенефициар мамлакат мақомини бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилди?

Жавоб аниқ: бунда, энг аввало, Ўзбекистон Президенти раҳбарлиги ва ташаббуси билан давлат бошқаруви ҳамда фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик давлатни шакллантиришга қаратилиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг аниқ натижалари инобатга олинди.

Ушбу мақом ЕИ мамлакатларидан бўлган инвесторлар ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки беради. Қолаверса, мамлакатимиз ҳамда ЕИ давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.

Ўзбекистонга нисбатан “GSP+” преференциялар тизими мамлакатнинг COVID-19 инқирозидан тикланиш даврида, яъни айни вақтида қўлланилмоқда.

Тизимга аъзолик қандай имкониятлар беради?

Шу ўринда савол туғилади: “GSP+” тизимига аъзолик Ўзбекистонга нима беради?

Гап шундаки, “GSP+” қамраб олаётган маҳсулот линияларининг учдан икки қисмига нисбатан тарифлар тўлиқ бекор қилинади. Шу орқали стандарт “GSP+"га нисбатан қўшимча иқтисодий имтиёзларга эга бўламиз. Бу эса, ўз навбатида, экспорт ҳажми ўсиши ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб этилишига хизмат қилиши мумкин.

Зеро, Ўзбекистонда “GSP+” доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш даражаси ҳозирги кунда 87 фоизни ташкил қилади.

Қисқартирилган имтиёзлардан фойдаланаётган маҳсулот сегментлари, асосан, тўқимачилик ва кийим-кечак, пластмасса маҳсулотлари, шунингдек, мевалар, ёнғоқ ҳамда сабзавотлардир. Бу Марказий Осиёдаги қўшниларга қараганда Ўзбекистон экспорт таркиби анча хилма-хил эканини кўрсатади.

“GSP+” тизими матолар, кийим-кечак ва пластик маҳсулотлар каби бир қатор муҳим экспорт товарларига тарифлар бекор қилинишини назарда тутади. Бу эса ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдони кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этади.

Ўз навбатида, бу Ўзбекистонда атроф-муҳит, инсон ҳуқуқлари, меҳнат тамойиллари ва самарали бошқарув бўйича 27 та йирик халқаро конвенция ижроси билан боғлиқ ислоҳотларни амалга ошириш учун яхши рағбат ҳамдир.

Салоҳият ва мажбуриятни уйғунлаштириш вақти келди

Маълумки, Ўзбекистоннинг ЕИ бозорига нисбатан яқинлигига қарамай, савдо салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. ЕИ мамлакатимиз экспорт йўналишлари рўйхатида фақат еттинчи ўринда туриши ҳам фикримизнинг тасдиғидир. Шундай экан “GSP+” оддий савдо воситасидан муҳим ва долзарб эканлиги янада ойдинлашади. Ўз навбатида, “GSP+” тизимига қўшилаётган давлатлардан муайян шартларни бажариши талаб этилади. Инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий меҳнат стандартлари соҳасида 16 та, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасида 11 та — жами 27 халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳамда уларни самарали амалга ошириш зарур бўлади.

Махсус регламентга мувофиқ, “GSP+” дастурига аъзоларнинг ана шу мажбуриятлари ижроси доимий кузатиб борилади. Демак, Ўзбекистоннинг “GSP+” бенефициари сифатида қабул қилиниши ҳам ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда изчил ижобий ривожланишни акс эттириб туради.

Умуман олганда, Ўзбекистон учун ташқи савдо алоқаларида янги имкониятларнинг очилаётгани, пандемия шароитида экспорт кўламининг кенгайиб бораётгани олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги инъикосидир. Бунда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш катта роль ўйнамоқда.

Ушбу Давлат дастурида ЕИнинг “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун кенг кўламли дастур ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, бу борада муҳим ижобий ўзгаришлар қайд этилмоқда.

Шуларга мувофиқ равишда ҳукумат, хусусан, Ташқи ишлар ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари томонидан потенциал харидорлар, савдо тармоқлари билан доимий равишда икки томонлама музокаралар олиб бориляпти. Ва бу жараёнлар узлуксиз давом эттирилади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ҳамда жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимига интеграциялашув жараёнларини тезлаштиради. Янги Ўзбекистоннинг халқ манфаатларига хизмат қиладиган ташқи сиёсатининг асосий мақсади ҳам шу аслида.

Убайдулло ҒАФУРОВ,
ТДИУ Фундаментал иқтисодиёт кафедраси профессори,
иқтисодиёт фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер