Ўзбекистон элчиси АҚШнинг «FLEX» таълим дастури иштирокчисининг Америкадаги хонадонига ташриф буюрди
Фото: Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Американинг Индиана штатига амалий ташрифи доирасида Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг (“American Councils”) «Келажак лидерлари алмашинуви» (“FLEX”) дастури иштирокчиси, Кловердейл шаҳри мактабида таҳсил олаётган ватандошимиз, Наманган вилоятининг Поп туманида туғилиб ўсган Дурдона Жўрахонова билан учрашув ўтказди, ҳамда юртдошимиз истиқомат қилаётган мезбон оиладаги муҳит ва яратилган шароитлар билан танишилди.
Элчихонадан олинган маълумотга кўра, америкалик оила олий маълумотли, “Inlay Spacer LLC” номли қурилиш компанияси эгаси. Оила боши Гордон Уильямснинг сўзларига кўра, ватандошимиз уларнинг олтинчи меҳмон ўқувчиси ва ушбу уйда вақтинча яшаётган биринчи Ўзбекистонлик ҳисобланади. Ҳозирда, мезбон ота-онадан ташқари ватандошимиз билан биргаликда битта Германиялик “FLEX” дастури иштирокчиси Изабел Шмидт исмли ўсмир ҳам истиқомат қилмоқда.
Д.Жўрахонова АҚШдаги таассуротлари билан бўлишар экан, мактабида ташкил этилган таълим жараёнидан, яратилиб берилган яшаш шароитларидан, мезбон оиладаги муҳитдан мамнунлигини таъкидлади. Шунингдек у бу ерда кўплаб янги дўстлар орттирганлиги, уни қабул қилган оила эса - жуда самимий, очиқ ва ҳар доим ёрдам беришга тайёрлиги ҳақида кўтаринки руҳда сўзлаб берди.
Самимий мулоқот давомида америкалик оила аъзолари Д.Жўрахоновадан мамлакатимиз маданияти ва санъати, миллий урф-одатлари ва анъаналари, ҳаттоки миллий либосларимиз ҳақида кўплаб маълумотлар олаётгани, халқимиз қадриятлари ва менталитети уларга жуда қизиқ эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Бундан ташқари, Г. Уильямс «сўнгги бир неча йил давомида талабалар алмашинуви туфайли ҳаётимиз баракали ва мазмунлироқ бўлди», дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги ўқувчи қизлар уларнинг уйида бўлиши мезбонлар учун катта бахт ва оиланинг бир аъзоси ҳисобланади. «Биз бу ёшларга ўз қизларимиздек қараймиз ва ҳаётимизга олиб келган чиройли маданиятларини, урф-одатларини ва анъаналарини жуда қадрлаймиз», деди оила боши.
Америкалик оиланинг айтишича, бундан бир неча йиллар олдин мазкур хонадонда истиқомат қилган Испаниялик қиз турмушга чиққанида, улар тўй маросимида қатнашиш учун ушбу мамлакатга саёҳат қилган. «Агар бизни Дурдона тўйига чақирса, биз албатта Ўзбекистонга ўз қизимизнинг тўйида иштирок этиш учун ҳам борамиз», дея урғу беришди Уильямс оиласи.
Америкалик оила Д.Жўрахонова ҳақида сўзлар экан, уни жуда зийрак, билимга чанқоқ, ўзига талабчан, озодаликни севувчи ва теран фикрловчи ўсмир қиз эканлигини айтишди. «Биз соатлаб дунёдаги сиёсат, бўлаётган ўзгаришлар, ислом дини, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва у ердаги ислоҳотлар ҳақида мароқли суҳбатлар олиб борамиз. Менга Дурдонани тинглаш жуда ёқади», дейди Г.Уильямс.
Эслатиб ўтамиз «FLEX» алмашинув дастури иштирокчиларига бир ўқув йили давомида АҚШ мактабларида таълим олиш, оилавий муҳитда яшаш, жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш имкони тақдим этилади. Дастур ўз фаолиятини илк бор 1993 йилда бошлаган ва ўтган давр мобайнида мингдан ортиқ ўзбекистонлик ўқувчи АҚШда таълим олган.
2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистонлик бир гуруҳ мактаб ўқувчилари маълум муддат танаффусдан сўнг биринчи марта дастур доирасида Американинг турли штатларида таълим олди. 2022 йилнинг сентябрь ойида эса 35 нафар юқори синф ўқувчилари АҚШнинг 21 та штатида жойлашган ўрта мактабларда бир йил давомида таълим олиш учун келди. Аввалроқ АҚШдаги элчихонамиз ушбу дастур вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг