Ўзбекистон экспорт қиладиган асосий маҳсулот нархи рекорд даражада қимматлашди
Дунё бозорида олтиннинг 1 троя унцияси нархи 2013 йилдан буён илк марта 2,47 фоиз ошиб, 1689 долларга етди.
Хитой ва унинг ташқарисида янги типдаги Covid-19 коронавируси тарқалгани ҳақидаги янгиликлар бунга асосий сабаб бўлгани айтиляпти.
Олтин бундай ҳолатда қимматлашган саноқли активлар қаторидан жой олди. Ваҳолонки, масалан, Brent маркали нефть нархи 3,5 фоиз арзонлашиб, бир баррели 56,5 долларгача, WTI маркаси эса 3,2 фоиз пасайиб, 51,7 долларгача тушиб кетди.
Бундай ҳолат индексларда ҳам ўз аксини топди. Хусусан, АҚШнинг S&P 500 индекси 1,5 фоиз, Гонгконгнинг Hang Seng индекси 1,79, Хитойнинг CSI 300 индекси 0,4, Буюк Британиянинг FTSE 100 индекси 1,9, Германиянинг DAX ва Франциянинг CAC 40 2,5 фоиздан кўпроқ, Жанубий Кореянинг KOSPI индекси 3,9 фоизга пасайиб кетган.
Дунё экспертларининг хавотири коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати Италия, Жанубий Корея ва Эронда аниқлангадан сўнг янада кучайган.
Маълумки, олтин Ўзбекистоннинг экспорт қиладиган асосий маҳсулоти ҳисобланади. Мамлакатимиз томонидан 2019 йилда 4,9 млрд. долларлик олтин сотилган. Бу республика экспортининг қарийб 30 фоизидир. Солиштириш учун келтириб ўтиш мумкин: энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари экспорти 14,1, тўқимачилик маҳсулотлари 9,1 ва озиқ-овқат маҳсулотлари 8,5 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, троя унцияси банклар ва заргарлар томонидан қўлланиладиган оғирлик ўлчов бирлиги бўлиб, 31,1034768 граммга тенг.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг