“Ўзбекистон-Афғонистон” чегара савдо зонаси очилди
Термиз шаҳрида Ўзбек-Афғон бизнес-форуми ҳамда “Ўзбекистон-Афғонистон” чегара савдо зонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан кўзланган мақсад Афғонистон ҳамкорлари билан барқарор ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш, шу билан бирга, афғон бозорига маҳаллий маҳсулотлар экспортини янада кенгайтиришдир.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б. Абидов ҳамда Афғонистон саноат ва савдо вазирининг ўринбосари М. Юриш мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини фаоллаштириш бўйича ижобий тенденцияларни алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Чет эллик меҳмонлар тўқимачилик, тери ва пойабзал, фармацевтика, нефть-кимё, металлургия ва электротехника, қурилиш материаллари ҳамда экспортга мўлжалланган бошқа маҳсулотлар кўргазмасида ҳам бўлиб, Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Бизнес-форум доирасида Афғонистон делегацияси билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда савдо зонаси томонидан яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига ўзаро савдо ҳажмини тез суръатларда ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилинди.
Афғонистоннинг олтмишдан зиёд компаниялари вакиллари иштирок этган тадбир якунида Ўзбекистондан нефть-кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш материалларини етказиб бериш бўйича бир қатор экспорт келишувларига эришилди ва шартномалар имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг