Ўзбек романчилигининг асосчиси

15:48 10 Апрель 2019 Жамият
28799 0

Атоқли адиб, адабиётимизнинг ҳақли равишда ифтихори Абдулла Қодирий таваллудига 125 йил тўлди.

Ўзбек адабиётида роман жанри Қодирий номи билан боғлангани ҳолда, унинг ҳажв, публицистика жанрларида ҳам замонасининг етакчи ижодкори бўлгани ҳайратланарлидир. Вазирлар Маҳкамасининг адиб таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармойишига кўра, Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи Ички ишлар вазирлигидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилади. Истироҳат боғида Абдулла Қодирийга бағишланган адабий музей, ижодий мактаб, кутубхона барпо этилади, адибга ҳайкал ўрнатилади. У яшаб ижод этган хонадон ўрнида уй-музей ташкил этилади. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида бадиий, асарлари асосида қисқа метражли фильмлар яратилади. Айни кунларда мазкур фармойиш ижроси доирасида “Абдулла Қодирий ижодининг маънавий-маърифий аҳамияти” мавзуида илмий конференция ҳам бўлиб ўтмоқда.

Биз адиб таваллуд санаси муносабати билан бир неча қодирийшунос олимларни суҳбатга тортдик.

Бахтиёр НАЗАРОВ, академик:

— Аввало, Президентимизнинг илм, маънавият, ижод аҳлига кўрсатаётган ғамхўрлигидан чексиз миннатдор бўлишимиз зарур. Қодирий таваллуд санасини нишонлаётганимиз ва кенг миқёсли тадбир ҳамда режалар белгила­наётгани ана шу ғамхўрлик натижасидир. Албатта, айни Ватан равнақи, озодлигини қўмсаб, унга эриша олмай ёш жонини фидо қилган улуғ адибга шундай эҳтиром кўрсатилиши Қодирий меросидан бугун ҳам муттасил баҳраманд бўлиб келаётган китобхон халқимизга изҳор этилаётган ҳурмат ва эҳтиром рамзи ҳамдир.

Таассуф, Қодирий ва унинг ўзига ўхшаган забардаст замондошлари бу кунларни кўришмади. Аммо асарлари бугун тирик, ўз даврида кам нусхаларда чоп этилган китоблари бугунги кунда ўн, юз минглаб нусхада нашр этиляпти.

Ёзувчи танқидий-публицистик мақолалари, ҳажвияларида одамларнинг янгиликларни қабул қилишдаги норасоликларни фош этгандек бўлади. ­Тошпўлат тажанг, Калвак махзум каби типик қаҳрамонларнинг, гўё янги жамият билан ҳамқадам бўла олмаётгани кулги остига олинади, улар тилидан шўро тузуми янгиликларига айтилаётган тан­қидий фикрлар ҳам кулгили, демак, улар рад этилиши лозимдек, бироқ ёзувчи шу рад этилиши лозимдек фикр­ларни салбий қаҳрамон тилидан айттириб, уларга ўзининг ғоя ва халқнинг дардини, аламларини сингдиради.

Сўнгги йилларда қодирийшуносликда жиддий ишлар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Қатор тадқиқотлар билан бир қаторда, ёзувчининг невараси ­Хондамир Қодирий томонидан тўплаб, “Диёри Бакр” номи остида нашр этилган китобни алоҳида таъкидаш ўринли. Мазкур тўплам Қодирийнинг ҳажвиялари, кулгилари, танқидий-публицистик мақолалари жамланган энг мукаммал нашр бўлиб, адибнинг бу йўналишдаги ижодини ўрганишга катта имкон яратади. Аминмизки, Қодирий даҳосига эҳтиром юзасидан қилинаётган эзгу ишлар кўлами кенг ва у жадал давом этади.

Санобар ТЎЛАГАНОВА, филология фанлари номзоди:

— Абдулла Қодирий ҳақида сўз кетганда беихтиёр романчилигимиз асосчисини кўз олдимизга келтирар эканмиз, унинг шахси ҳақида ўйлаб қоламиз. Чунки асарлари адабиётимиз ва умуман, маданиятимиз мулкига айланиб улгурган адиб қандай инсон эди, деган савол ҳаммани қизиқтириши табиий. Шўро тўнтаришлари даврида шахс тушунчаси завол топди ва бу миллатнинг маънавий таназзулига хизмат қилди. ­­Ор-номус, миллий ғурурнинг йўқолиши ­шахснинг заволидан дарак. Қодирий буни “маънавий мағлубият” деб атаган.

Ўтган асрда янги ўзбек адабиёти пайдо бўлди. Уни Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода каби улуғ ижодкорлар яратди. Улар ичида Абдулла ­Қодирий шахсияти феноменал ҳодиса. Ойбек Қодирий ҳақида шундай ёзади: “Сиртдан қараганда босиқ, камгап кўринар, чунки у ҳар бир сўзини тарозига солиб кўрар, оғзига келган ҳар сўзни айтавермас, секин ва ўзига халал бе­раётгандек ёқинқирамай гап бошларди”.

Манбаларда ёзувчининг характерини ўзига ишонган, жасоратли, қатъий, ҳақиқатпарвар каби сифатлар билан баҳолашган.

Қодирий тириклик мазмунини ўзига, ўзлигига содиқ қолишда, деб билди, бутун куч ва ғайратини, салоҳиятини ­миллатга, жамиятга, адабиётга бағишлади.

Улуғбек ҲАМДАМ, филология фанлари доктори:

— Қодирий асарларининг жозибадорлиги, умрбоқийлиги унинг тилидадир. Хўш, Қодирий бизга замондош бўлганида қандай тилда ижод қилган бўларди? Албатта, замонавий бадиий тилимизда. Бунга шубҳа қилмаймиз. Шуниси қизиқки, ҳар бир давр тил воситасида ўзига муҳр босади. Қодирийнинг ўтган аср 20-йилларида ёзган асарлари билан 30-йиллардагисининг тилида сезиларли фарқ борлигини кўрамиз. Мисол учун, адибнинг аввалги “Ўткан кунлар” ҳамда “Меҳробдан чаён” романларидан кўра кейинги “Обид кетмон” қиссаси тили ўртасида анча-мунча тафовут мавжуд.

Қодирийнинг 30-йиллар теварагида ёзган кичик асарлари тили ҳам аслида жозибали, ҳатто, кузатишимизча, 30-йилларда битилган Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи тилига бирмунча мос. Айтиш жоизки, ҳозирги адабий тил мезонларимизга анча яқин келади.

Бундан шундай хулоса келиб чиқади: ҳозирги адабий тилимиз архаизм, жаргон, шева, маълум ижтимоий қатламларга хос тилдан “қутулиб” олгунига қадар маълум замонлар ва босқичлардан ўтишига тўғри келган. Буни Қодирийнинг асарлари исботлаб турибди.

Собир ЎНАРОВ ёзиб олди (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер