“Ўзавтосаноат” янги автокомпания устидан тўлиқ назоратга эга бўлмади
"Ўзавтосаноат" матбуот хизмати
Ўзбекистонда Uz Truck & Bus Motors автокомпанияси ташкил этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Юк автомобиллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва автомобиль саноатига инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.
Хитойнинг Sinotruck компанияси томонидан 12,1 млн. доллар инвестиция киритилганидан сўнг ушбу жараённи амалга ошириш имконияти вужудга келди.
Янги компания JV MAN Auto-Uzbekistan базасида очилади. Маълумки, унинг 51 фоизлик акциялари назорат пакети “Ўзавтосаноат”га, 49 фоизи эса Германиянинг MAN Truck & Bus SE компаниясига тегишли эди. Бу эса Ўзбекистон компаниясига асосий масалаларни мустақил ҳал этиш имкониятини берар эди.
Яқин-яқингача давлат иштирокида тузилган деярли барча компанияларда тўлиқ назорат давлат назоратида бўлар эди.
Янги Uz Truck & Bus Motors компаниясида эса бу манзара бошқача кўриниш олди. Яъни “Ўзавтосаноат”га 34,22 фоиз, немис ва хитой компанияларига мос равишда 32,89 фоиздан улуш тегди. Бу ҳам юқоридаги қарорда кўрсатиб ўтилган.
Хитой сармояси тижорат техникалари ишлаб чиқариш йиллик қувватини 3 минг донадан 6 минг донага етказиш, янги моделлар ишлаб чиқариш ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳадан 100 дан ортиқ қўшимча ишчи ўринлари яратиш, корхона экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган тижорий техникаларни молиялаштириш даражасини 50 фоизгача етказиш кутиляпти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг