Ўз калтагинг билан ўзингни савала

Аввало, тан олиб айтиш керакки, мустақиллик шарофати туфайли барча жойлардаги каби Самарқанд вилояти Қўшработ туман маркази ҳам обод ва кўркам масканга айланиб бораяпти. Янгидан қурилаётган замонавий бинолар туфайли туман марказининг қиёфаси ўзгача чирой очмоқда. Бироқ ...
Туман марказида 1953 йилда қурилиб, ҳозирги кунда жуда эскирган, кўча қиёфасини бузиб турган, хароба ва авария ҳолатига келиб, қулаб қолиш арафасида турган Қўшработ туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази жойлашган бинонинг ичида ишловчиларнинг аҳволига бугунги кунда маймунлар йиғлайди.
Негаки, айни пайтда бинонинг деворлари ёрилиб чўккан. Хоналардаги шифтлар кўчиб тушиб, боларлар синган. Иншоот шундай абгор ҳолатдаки, бирор фалокат юз бериб қолса, унда одамларни босиб қолиши ҳеч гап эмас.
Тўғри, давлат санитария-эпидемиология назорат марказига янги бино қуриш учун аллақачон, тўғрироғи, 1994 йилда лойиҳалаштириш ишлари бажарилган. Афсуски, бу ҳужжат вилоят ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими архивида сақланмоқда. Шундан кейин ҳам, яъни 2012 йилдан буён бир неча бор ҳужжат тайёрланиб, бунёдкорлик ишлари йилдан-йилга қолдирилиб, пайсалга солинаётир.
Масалан, вилоят архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг 2012 йил 12 июндаги хулосасига кўра, ДСЭНМ биноси 4 баллик зилзилага бардошли эмас, конструкция қурилиш меъёрлари талабига умуман жавоб бермайди, деб топилган. 2016 йил 7 июнда эса туман ҳокими давлат санитария-эпидемиология назорат маркази маъмурий биносини қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида қарор чиқарган. Шу асосда лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган.
Аммо қоғоз бошқа, ҳаёт бошқа экан. Бугун мазкур бинонинг аянчли аҳволи, у ердаги ҳолат иншоотда меҳнат қилаётган инсонлар ҳаётига катта хавф солиши мумкинлиги ҳақида Қўшработ туман ДСЭНМ бош врачи Анвар Дастамовнинг мурожаат қилмаган идораси қолмади. Ўз навбатида, қўшработлик 32 нафар меҳнат фахрийси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Д. Саьдуллаевга илтимоснома билан мурожаат йўллади. У эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмоновга бу ҳақида хат юборган.
Қўшработ туман ҳокими Ҳ. Оқбўтаев ҳам туман ДСЭНМ иморатини замонавий талабларга жавоб берадиган қилиб янгидан барпо этиш учун давлат дастурига киритилишида амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қилган. Ҳатто бинони кўчириш учун туманда бошқа бўш жой йўқлигини инобатга олиб, зудлик билан қатъий чоралар кўрилмаса, ушбу муҳим давлат хизмати кўрсатиш имкони туманда тўхтаб қолиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник Ў. Мейлиев эса шу йилнинг 30 апрель куни А. Дастамовга хат йўллаган. Унда Қўшработ туман ДСЭНМ биноси авария ҳолатида экани боис унинг конструкциялари қулаб тушиши мумкинлиги айтилган. Бунинг оқибатида ишчи-ходимлар ҳамда ташкилотга келувчи фуқаролар жабрланиши ёки вафот этиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ёки бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида мазкур бинодан фойдаланишни тўхтатиш кўрсатиб ўтилган.
Қўшработ ДСЭНМ бош шифокори А. Дастамовнинг таькидлашича, янги бинони қуришда амалий ёрдам сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирига қилинган мурожаат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига, вилоят соғлиқни бошқармаси бошлиғидан эса туман тиббиёт бирлашмаси бош врачига, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачидан эса Қўшработ туман ДСЭНМ бош врачи А. Дастамовга, яъни ўзига қайтиб келган.
Ана, холос! Ўз калтагинг билан ўзингни савала деб шунга айтсалар керак-да. Хуллас, Қўшработ туман ДСЭНМ янги биносини қуриш ҳақида қайта-қайта лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилаяпти-ю, амалда эса бу иш қоғозда қолиб кетмоқда. Туман ДСЭНМнинг довюрак ходимлари иложсизликдан авария ҳолатидаги ушбу бинода юрак ҳовучлаб, меҳнат фаолиятини давом эттиришаяпти.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг