Ўтган йили нотариуслар томонидан 5 393 775 та нотариал ҳаракат амалга оширилди
Иллюстратив фото
Жорий йилнинг 20 январида Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорлигида “Касбим – фахрим менинг” мавзуида семинар ташкил этилди.
Семинарда республикамизда фаолият юритувчи хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳамда соҳага масъул шахслар иштирок этди.
Тадбир доирасида 4 та сессия: Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ва Тошкент давлат юридик университетида ҳам бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, Президент Фармони билан 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал фаолиятга рухсат берилди.
Ўтган давр мобайнида нотариуслар сони 17 фоизга ошиб, бугунги кунда 953 нафар нотариуслар фаолият юритмоқда. Улар томонидан аҳолига 26 турдаги нотариал ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Нотариуслар томонидан 2021 йилда 4 428 081 та нотариал ҳаракат амалга оширилган бўлса, бу кўрсатгич 2022 йилда 5 393 775 тани ташкил қилди.
Ўтган давр мобайнида нотариат соҳаси рақамлаштирилди. Бунинг натижасида ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия қисқарди, фуқароларнинг оворагарчиликларига чек қўйилди.
Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
“e-notarius.uz” расмий веб-сайти ишга туширилди. Фуқароларга ўзларига яқин нотариусни аниқлаш, нотариус қабулига навбатга электрон ёзилиш, ишончноманинг қонуний кучга эгалигини аниқлаш, мерос иши очилганлигини аниқлаш, масофадан туриб электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Нотариал ҳаракатларни нотариал идорага келмасдан масофадан туриб онлайн тасдиқлаш хизмати йўлга қўйилди.
Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилди.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилгани таъкидланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг