«Ота юртимиз, кўз қорачиғимиз»
Мамлакатимизга ташрифи давомида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, парламентда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди.
Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқида ўзбек ҳамда турк халқларининг дўстлиги азалий эканлигига эътибор қаратди. Икки мамлакат ўртасида маданият ва тарих, қардошлик алоқалари ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида Анадўлида турк аскарларининг босқинчилар устидан ғалабасини таъминлашда муҳим аҳамият касб этганини фахр билан тилга олган Туркия Президенти XX асрнинг буюк шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг Анадўлидаги воқеалар муносабати билан турк аскарларини шарафлаб битган “Тўфон” шеъридан ҳароратли сатрларни ўқиб берди.
Сарлавҳаси остида “Анадўли қишлоғининг музаффар ўрдаларига” дея бағишлов ҳам битиб қўйилган мазкур шеър шундай сатрлар билан бошланади:
Эй Инону, эй Сакария, эй истиқлол эрлари,
Миллий Мисақ олинганча тўхталмасдан илгари!
Қардош турк халқининг “жаннат каби тупроғи” ёвларнинг оёқлари остида, товуши “инсофсизча шовқинларнинг, ҳурушларнинг пастида” эканидан изтироб чеккан шоир ўзларини маданиятли санагани билан аслида жаллоддан фарқи бўлмаган босқинчиларнинг тамагирликларини, “озодлик” деб шовқин қилган, бақирған” бўриларнинг оч кўзлари олтин тўла ерларда эканини шафқатсиз сатрларда очиб ташлайди. Чўлпон шу тариқа ўз юртини ҳам босиб, талаб турган босқинчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам ишора қилади.
Биламиз, ким унлар сизни яшамоққа қўймайлар,
Биламиз, ким қонингизни томчи-томчи ичалар,
Биламиз, ким унлар сира ювош халқни севмайлар,
Биламиз, ким тупроқ учун инсонлиқдан кечалар.
Ўзбек адабиёти тарихида “халқни уйғотган шоир” сифатида муносиб ўрин тутган Чўлпоннинг ушбу шеъридаги ватанпарварлик руҳи қардош турк халқининг қалбига салкам бир асрдан буён чўғ солиб келаётгани сабаблари халқларимиз ўртасидаги азалий қавму қариндошлик илдизлари мустаҳкамлиги билан боғлиқ эканини эътироф этган Режеп Таййип Эрдўғоннинг “Ота юртимиз, кўз қорачиғимиз” деган сўзлари замирида ҳам азиз Ватанимиз Ўзбекистондан миннатдорлик туйғулари мужассамдир! Зеро, бу икки қардош халқ асрлар давомида мустамлакачилик ҳамда босқинчилик кишанларини парчалаб, ўз қисмати, эркин ҳаёти йўлида курашиб келганини Чўлпон “Тўфон” шеърида ҳам қалбларни титроққа солар даражада ҳаяжонли ифодалай олганини бугун Туркия Президенти эътироф этиб тургани буюк шоирнинг “Адабиёт яшаса, миллат яшар” деган сўзларининг тасдиғи каби янгради.
Биламиз, ким сиз йўқсуллар сўнг чоғда
Шундай ёмон душманларнинг қўлида
Мангу асир, мангу тутқун бўлишни
Истамасдан қўлга яроғ олдингиз.
Биламиз, ким қатор-қатор қишлоқлар
Синасига нон тўлдирған тупроқлар,
Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни
Ортиқ кўруб, жонни ўтқа солдингиз.
Жонни қонға — ўққа, ўтқа солдингиз.
Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз,
Яна бир қўр тарихларда қолдингиз!
Эй истиқлол, эй Сақария, эй Инону эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғучи селлари!
Шойим БЎТАЕВ
(«Халқ сўзи»)
тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг