Осмонга қараган одамлар... Улар нега ризқ-насибани ердан кутишмайди?
Фото: "Халқ сўзи"
Сарлавҳани ўқиб, ажабланяпсиз, ахир шундай замондаям одам ризқни осмондан кутадими, «Берсанг ейман, урсанг ўламан» деб осмонга қараб ётиш кимга наф берибди, дейсиз, тўғрими? Унда нега Чироқчидаги Ғаллакор қишлоғи одамлари осмонга кўз тикишади, осмондан бермаса, ерда ҳеч нарса унмайди, дейишади?..
Бу саволга жавобни «Ғаллакор» МФЙ ҳудудидаги қишлоқларга борганимизда, тумандаги энг чекка ва олис ҳудуд одамлари билан юзма-юз гаплашганимизда жавоб топгандек бўлдик.
Уларнинг куюниб айтишича, ҳар бир хонадон ихтиёрида 60 сотихдан 1,5 гектаргача томорқа мавжуд. Оқар сув йўқлиги туфайли ерларнинг аксарият қисми бўш турибди. Тўғри, аҳолининг бир қисми лалми ғалла, мош ёки нўхат экади, аммо осмондан бермаса, қилган харажатига
куйиб қоладида...
Кўкату сабзи, шолғомдан картошкагача бозордан сотиб олишади
Унумдор ерини ўз ҳолига ташлаб ёки яхшигина даромад олиши мумкин бўлган томорқасини жўхоризорга айлантириб қўйган юртдошимизга нима деган бўлардингиз? Ёхуд ихтиёридаги ҳайҳотдай томорқасининг қуриб-қақшаб ётишига бефарқ қараб яшаётганларгачи?..
Ўрганишларимиз натижасида Чироқчи туманидаги «Ғаллакор» МФЙ қишлоқларида томорқасидан унумли фойдаланиш у ёқда турсин, умуман, қаровсиз қолдирган хонадонлар кўплаб учради.
Ғаллакор қишлоғи одамлари рўзғорга ишлатиладиган ҳамма нарсани бозордан сотиб олади. Картошка, сабзи-шолғом дейсизми, ҳатто кўкатдан тортиб, помидор-бодринггача «Пайшанба» бозоридан харид қилишади.
— Шунча ер бўш турибди, гиламнинг ўрнича жойга кўкат экиб қўйилса, бир оилани таъминлайдику, — деб сўраймиз аҳоли вакилларидан.
— Гапингиз тўғрикуя, лекин халқимиз шунга одатланмаганда, яъни томорқани даромад манбаи, деб билмайди, сабаби еримиз лалми, фақат баҳор серёғин келса, баъзи кишилар томорқасида ғалла экади, ўшандаям ҳамма экмайди, қурғоқчилик бўлса, пулига куйиб қолишидан қўрқади, — дейди 162-умумтаълим мактаби директори Адолат Диёрова. — Одамларни ҳам томорқадан даромад олишга ундаш керак, кучи етмайдиган оилаларни уруғлик билан таъминлаш зарур, артезиан қудуқ кавлашга кўмаклашиш керак. Бундай ишни амалга оширувчи ташкилотнинг ўзи йўқ. Агар бўлса ҳам, уларни биз кўрганимизча йўқ.
Бу қишлоқда 170 — 180 метр чуқурликдан чучук сув чиқади. Ана шундай масофадан сув тортадиган артезиан қудуқ учун эса камида 20 миллион сўм маблағ талаб этилади. Бунга эса ҳамманинг ҳам имкони йўқ.
Аммо шундай бўлсада, қишлоқда артезиан қудуқ кавлаган оилалар бор. Чамаси 50 га яқин хонадонларда артезиан қудуқ мавжуд. Лекин бу қудуқлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Айниқса, ёзда, сувга эҳтиёж ортган паллада ер ости суви пасайиб кетади. Буям майли, айни экин-тикинга қўл урилган пайтда электр токи муаммо бўлади. Чунки бу ҳудудга ёндош қишлоқларда артезиан қудуқ қурган кишилар кўп ва шу боис электр энергияси тақчиллиги юзага келади.
«Чироқчи бўйича 20 та артезиан қудуқ кавладик...»
Гап шундаки, бу қишлоқ одамлари ўзи билганича чала-чулпа, давлат стандартлари талабига жавоб бермайдиган, электрни тежаш ускуналари ўрнатилмаган «қўлбола» артезианлар қуриб олишган ва ундан самарали фойдалана олишмаяпти. Стандарт талабига мос артезиан қудуқ қуриб берадиган ташкилотларнинг эса бу қишлоққа негадир қадами етгани йўқ.
— Ўтган йили Чироқчи тумани бўйича 20 та артезиан қудуқ қазиб бердик, Ғаллакор қишлоғида бу иш амалга оширилгани йўқ, — дейди Чироқчи тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг томорқачилик бўйича мутахассиси Муҳриддин Маҳаммадиев. — Тўғриси, биз фақат қишлоқлардаги аҳволни фуқаролар йиғини мутахассиси берган «сводка» орқали мониторинг қиламиз. Ундаям жойига бормаймиз, аҳоли томорқасига экин эктириш бизнинг вазифамизга кирмайди.
— Аҳоли электр қуввати жуда паст, артезиан қудуққа ўрнатилган сув насоси куйиб қоляпти, кучи етмаяпти, деб шикоят қилмоқда, бу масалаларни ҳам ўрганасизми? — сўраймиз М. Маҳаммадиевдан.
— Чироқчи туманининг ҳудуди жуда катта, мен бир ўзим ҳамма томорқачиларни ўрганиб чиқишим учун уч ой вақт керак бўлади. Мен фақат ариза тушса бориб текшираман, йўқса, бора олмайман, — дейди у.
Демак, маҳалладаги ҳақиқий аҳволни масъул шахс ўз кўзи билан кўргани йўқ. Шунинг учун ҳам Ғаллакор қишлоғида аҳвол ачинарли, томорқаларда деярли экин экилмайди, уларга уруғлик ёки кўчат берилмайди. Томорқаларнинг қаровсиз ёки бўш турганига нафақат хонадон эгаси, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик, маҳаллий ҳокимликлар масъул эканини эса ҳеч ким ҳис қилмаётгандек гўё.
Агар шундай бўлмаганида, ғаллакорликлар ҳам олмаю картошкалари, сабзи-шолғомлари ёки анорлари билан машҳур бўлмасмиди?..
Ишга яроқли аҳолининг 90 фоизи хорижга чиқиб кетган
Қишлоқда, бор-йўғи, биттагина савдо дўкони бор. Уни ҳам замонавий ва кўркам савдо дўкони деб бўлмайди. Чунки у эски бир маъмурий бинода жойлашган. Сартарошхона, пойабзал тузатиш устахонаси, «Гўзаллик салони» ва бошқа қулайликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Янада ачинарлиси, қишлоқда болалар боғчаси йўқ. Олти километр узоқликдаги боғчага ҳеч ким фарзандини қўйишни истамайди.
Аслида, бугун қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро қулайликлардан фойдаланиши керак эмасми? Қишлоқда оилавий поликлиника ҳам йўқ. Бори — эски, алмисоқдан қолган бинода аҳолининг касаллик варақалари чанг босиб ётибди. Иш ўрни йўқлиги боис қишлоқнинг 2 мингдан зиёд йигитлари хорижга ишлаш учун чиқиб кетган.
Бу хусусда «Ғаллакор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суюн Рўзиевнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Ҳудудимизда 4 минг 897 гектар ер майдони мавжуд, 29 та фермер хўжалиги лалми ерларда ғалла ва дуккакли экинлар экади, — дейди маҳалла раиси. — 900 дан ошиқ аҳоли қўлида 500 гектарга яқин томорқа ерлари мавжуд бўлиб, ер лалми бўлгани учун улар фақат буғдой, нўхат, мош экади, холос. Тўғри, 3-4 хонадон тарвуз-қовун экади, 9-10 хонадон эса мош, ловия, нўхат парваришлайди.
— 900 хонадоннинг тахминан 10 ёки 20 таси экин экканда ҳам қолган хонадонлар томорқасининг аксарияти бўш турибдику! Эътибор қилдим, артезиан қудуғи бор хонадонлар ерларига ҳам деярли қўл урилмаган, — деб сўраймиз раисдан.
— Тўғри, артезиан қудуқ қазиш жуда қиммат туради, шундай бўлсада, ўзига тўқ одамлар қуришди, лекин электр масаласи бизда жуда оғир. Ёзда электр қуввати пасайиб кетади. Яна бир масала: бизда деҳқончилик маданияти ривожланмаган, одамлар томорқадан даромад олишга ишонишмайди, ерларимиз лалми, оқар сув йўқ, ёғингарчилик мўл бўлган йилларда фақат ғалла экилади.
— Ғаллакор қишлоғи шароитида томорқани даромад манбаига айлантирса бўладими?
— Албатта, бўлади, буни ўзимнинг 60 сотих томорқам мисолида айтадиган бўлсам, бундан бир-икки йил олдин 15 сотихига картошка экиб, анча-мунча ҳосил олгандим, — дейди раис. — Кейинчалик маҳалла ишларидан ортмаганим боис томорқага қарай олмаяпман...
Излаган имкон топади: 5 сотих иссиқхонадан 45 миллион сўм соф даромад
Аёнки, оила даромади ва фаровонлигида ишбилармонликнинг алоҳида ўрни бор. Шу қишлоқ фуқароси, «Сирожиддин Аҳмедов» фермер хўжалиги раҳбари Рўзман Аҳмедов гапларига кўра, ушбу қишлоқ шароитида ҳам томорқани даромад манбаига айлантирса бўлади.
— 70 сотих томорқамиз бор, — дейди Р. Аҳмедов. — Биласиз, бизда электр токи барқарор берилмайди, газ, сув йўқ. Лекин шунга қарамасдан томорқамизда 5 сотих ерда иссиқхона қурдим. Яъни ўша 5 сотих ерни 1,5 метр чуқурликда кавлаб, устини «термос» усулда плёнка билан ёпиб, лимон эккандим. Мана, ўтган йили 3 тоннага яқин ҳосил кўтардик, 45 миллион сўм даромад келди. Фермер хўжалигимизга 400 гектар лалми ер ажратилган. Ҳар йили 200 гектарида лалми ғалла етиштирамиз. Ҳовлимизда иссиқхонада тарвуз ва қовун кўчатларини тайёрлаб, далага олиб чиқиб экамиз. Ўтган йили 3 гектар ерда плёнка остида тарвуз парваришлаб, 80 миллион сўмдан зиёд даромад қилдик. Даромадимиз ҳисобидан янги юк машинаси харид қилдик. Томорқадан олинаётган даромад нафақат оиламизнинг кундалик эҳтиёжи учун, балки тўй қилиш, иморатлар қуришга ҳам ишлатилади. Уч ўғлим ва ўзимда енгил автомобиль бор. Бунинг ҳаммаси томорқадан унумли фойдаланганимиз ва фермер хўжалигимиз даромадидан...
— Рўзман ака, сизку, йўлини топибсиз, ҳамқишлоқларчи, нега уларнинг томорқаси бўш турибди, шунча ердан худди сиздек фойдаланишса, биласизми, қишлоқ одамлари қўлидаги 500 гектар атрофидаги томорқадан қанча фойда келади?
— Майли, мен каби 45 миллион сўм даромад олмасин, ҳозирча ҳар бир хонадон 10 миллион сўмдан даромад қилганида ҳам 900 хонадон 9 миллиард сўм маблағ эгаси бўлар эди, — дейди Р. Аҳмедов. — Кимгадир бу чўпчакка ўхшаб туюлиши мумкин, кимдир бундай даромад қилиб бўлмайди, деб мийиғида кулиши ҳам тайин. Бир қараганда, уларнинг гапида ҳам жон бордай. Одамлар билан гаплашиб кўринг, ҳаммаси «қанийди, томорқамдан ҳеч бўлмаса, 10 — 15 миллион сўм даромад олсам. Кошкийди, биз ҳам яшнаб турган ҳовлимиздан янги помидор узсак, бозорга бодринг, картошка чиқарсак» дейишади. Уни амалга ошириш учун эса артезиан қудуқлар кавлаш керак, электр таъминоти меъёрида берилишини таъминлаш зарур.
— Айтишларича, бир пайтлар қишлоққа оқар сув келган экан, шу ростми?
— Ҳа, ариқ қазилиб, оқар сув келган, — дейди Р. Аҳмедов. — Ариқ ўрни ҳозир ҳам турибди. Собиқ совет даврида канал қазиш учун лойиҳа қилинган, сув ҳам келтирилган, лекин бу иш охирига етказилмаган. Ҳозир ҳам Чиял каналидан 6 километр ариқ қазилса, бемалол сув келади. Бу ишнинг бошида турадиган одам йўқ. Лойиҳа қилиб, тасдиқлатиш лозим, раҳбарларнинг қош-қовоғига қараш керак. Тўғриси, бу ишга ҳеч ким жазм этмаяпти. Агар оқар сув келса, қишлоқ яшнайди, ўша айтганим, томорқалардан яхшигина даромад олса бўлади.
Ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ
Аччиқ ҳақиқат шуки, сув таъминоти оғир бу қишлоқни обод ва кўркам гўшага айлантириш, томорқачилик маданиятини юксалтириш, аҳолининг ўзини ўзи банд қилиш масалалари кўп жиҳатдан «Ғаллакор» МФЙ раиси Суюн Рўзиевнинг ишбилармонлигига ҳам боғлиқ. У аҳоли ва маҳаллий ҳокимлик ўртасида кўприк вазифасини ўташи, ҳоким ва сектор раҳбарлари эътиборини шу қишлоққа қаратишга эришиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Биласиз, сув билан таъминлаш оғир бўлган ҳудудларда деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича 2021 йил 16 декабрда «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Шу қарор ҳаётга кенг татбиқ этилса, назаримизда, мазкур қишлоқдаги сув муаммолари барҳам топар эди.
Қарорда томорқада маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига миллий валютада 4 йиллик имтиёзли давр билан 9 йил муддатга йиллик 2 фоиз ставкада йўналтирилиши белгиланган ва сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили Давлат бюджетидан жамғармага маблағ ажратилиши қайд этилган.
Фуқаролар йиғини раиси Суюн Рўзиевдан қарор ижроси бўйича қандай чора-тадбирлар белгиланганини сўрасам, «Дарахт экяпмиз, ғалла экяпмиз» деб мужмалгина жавоб қилди. Ваҳоланки, дарахт эккан билан сув бўлмаса, ёзда ниҳол қуриб қоладику!
Сирасини айтганда, бугун «олма пиш, оғзимга тушь» қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Кафтдек ер бўлса, ундан унумли фойдаланиш, кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бунинг учун эса юқорида қайд этилган Президент қарори асосида қишлоққа Чиял каналидан сув олиб келиш чора-тадбирлари кўрилса, биров уришадими?..
Йўқ нарсани башорат қилишдан кимга фойда?
Чироқчи тумани ҳокимлиги томонидан берилган маълумотларда «бу маҳалла фуқаролар йиғинида бунча, унисида унча маҳсулот етиштирилади ва шунчаси экспорт қилинади», каби башорат (прогноз) жуда кўп. Лекин башорат қилиш билан иш битармикин?!
Мана, масалан, Чироқчи туманининг 2021 йилда деҳқон хўжаликларида ва томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаги) экинлардан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичларида «Ғаллакор» МФЙда жами етиштириладиган ялпи ҳосил 2 минг 470 тонна кўрсатилган. Помидор, бодринг, пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, карам, лавлаги, редиска, қалампир каби маҳсулотлар тури белгиланган.
Эътибор беринг, ҳайратланарлиси, қишлоқ томорқаларида 29 тонна кўкат ва 17 тонна редиска етиштирилиши прогноз қилинган! Бу ҳужжатни Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жўраев тасдиқлаб, имзо чеккан.
Туман раҳбари имзо чеккан яна бир ҳужжатда «Ғаллакор» МФЙда 645 тонна маҳсулот экспортга чиқарилиши «прогноз» қилинган!
Савол туғилади: «Ғаллакор» МФЙ раиси Суюн Рўзиев юқорида 5 та ёки 10 та, борингки, 20 та хонадон экин экади, қолган ерлар бўш турибди, деди. Шундай экан, Ғаллакордаги деҳқон хўжаликлари ва томорқаларда 2 минг 470 тонна маҳсулот етиштирилиши қайси манбага асосланиб башорат қилинган?
Ўзи, бундай ошириб-тошириб башорат қилишдан кимга фойда?!
Хуллас, мақолага нуқта қўйишдан олдин айтар гапимиз шуки, бу ерда бир қишлоқ муаммоси кўтарилган бўлсада, таҳлилларимиз биттагина ҳудуд ёки бир туман раҳбарларигагина тегишли эмас. Эҳтимол, бошқа бир маҳалла ёки овул вакиллари шу аччиқ, аммо очиқ гапларни ўқиб, ўзини, ўз маҳалласидаги муаммоларни кўргандай бўлар. «Худди бизнинг қишлоғимиз ҳақида ёзилгандек» деб кўнглидан кечар...
Аммо нима бўлганда ҳам олиб чиқаётган мазкур мавзу 2022 йил — Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида ҳар бир раҳбарни, мутасаддини чекка ва олис ҳудудларга теранроқ назар ташлашга туртки бўлар деган, илинжимиз бор. Токи, бу каби саъй-ҳаракатлар том маънода, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилсин.
Фахриддин БОЗОРОВ («Халқ сўзи»).
Ушбу мақолани атрофлича ўрганиб, Қашқадарё вилояти раҳбарияти ва Чироқчи туман ҳокимлиги кўрган чора-тадбирлари ва муносабатини кутиб қоламиз. «Халқ сўзи» бу мавзуга яна қайтади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг