Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзгаришлар қонун билан мустаҳкамланмоқда
Фото: Сирожиддин Воҳидов, «Халқ сўзи»
Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон соғлиғига, атроф табиий муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада кучайтириш зарурати мавжуд.
Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда айнан шу масалага эътибор қаратилган.

Қонунда махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат назорати амалга оширилиши, ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Шунингдек, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини стандартлаштириш, сертификатлаштириш, тамғалаш ҳамда ишлаб чиқаришга доир талаблар назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қонунийлик, тизимлилик ва узлуксизлик, биологик усулни қўллаш устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик каби ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар мустаҳкамланмоқда.

Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш, қўллаш, ташиш, муомаладан чиқариш, ташиш, сақлаш қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ва қўлланилиши тақиқланган воситаларни зарарсизлантиришга, утилизация қилишга доир талаблар кучайтирилмоқда.
Ушбу Қонун кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатга олишни ҳам назарда тутади. Яъни, Қонун давлат минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилишни таъминлайди.
Қонун муҳокамаси жараёнида ҳужжатда белгиланган қоидалар ҳозирги глобал иқлим ўзгариши шароитида мавжуд ўсимлик дунёсини асраб-авайлашга ҳамда озиқ-овқат хавфсизилигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг