Оролни қутқариш мумкинми?

10:41 15 Октябр 2018 Жамият
5693 0

Самарқандда ташкил этиладиган халқаро форумда ана шу долзарб масала кўриб чиқилади.

Озарбайжон, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистондан 100 дан ошиқ делегат, жумладан, сиёсатчилар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари, олимлар 2018 йилнинг 16-18 октябрь кунлари Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш мақсадида Самарқандга йиғиладилар. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Орол денгизининг қуриб қолгани жаҳондаги энг хавфли экологик фожиалардан бири ҳисобланади. Унинг оқибатлари атроф-муҳит даражасидан-да ташқарига чиққан, унинг таъсири мазкур ҳудудда ва унинг атрофида яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Одамлар туз ва чанг бўронларидан азият чекмоқдалар, биологик унумдорлик ва биохилма-хиллик пасаймоқда, экотизим ҳолати, сув таъминоти ёмонлашмоқда, одамларнинг саломатлиги хатар остида, иқлим ўзгарганлиги сабабли иқтисодий жиҳатдан йўқотишлар кузатилмоқда.

Марказий Осиёдаги мазкур муаммо бугунги кунга келиб халқаро даражада ҳал этилиши лозим бўлган масалага айланди, бунинг учун фожиа оқибатларини юмшатиш ҳамда Орол денгизи ҳавзасининг барқарор ривожланишини таъминлаш зарурати туғилди.

Орол денгизи муаммосидан азият чеккан давлатлардан бири Ўзбекистон эканлигини эътиборга олиб, илмий тадқиқотлар ва инновацион усуллар ёрдамида маҳаллий ҳамда халқаро мутахассисларни жалб этган ҳолда мазкур долзарб муаммони ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу муносабат билан ҳам Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Шўрхок тупроқли ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги халқаро маркази (ICBA), Самарқанд давлат университети томонидан “Орол денгизи ҳавзасида мустаҳкам бошқарув ва ижтимоий барқарорликка эришиш учун инновацион ёндашувлар” Халқаро форуми ташкил этилди. Уч кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Қурғоқ ерларда тадқиқотлар ва таълим халқаро платформаси (IPDRE), АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан молиялаштирилади.

Форум иштирокчилари ҳудудда яшовчи аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида инновацион ғоялар, илмий изланишлар, янги технологиялар ва сиёсий чораларни татбиқ этиш бўйича фикр алмашадилар, тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Улар, шунингдек, сув ресурсларини комплекс бошқариш, сув ресурслари ҳақидаги маълумотлар билан алмашиниш, сув ва тупроқни шўрсизлантириш ва тозалаш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқадилар, бунда маҳаллий аҳолининг қурғоқ ерларда сув ресурсларини бошқаруви бўйича тажрибалари ва эҳтиёжлари эътиборга олиниши назарда тутилган.

Форумга тайёргарлик кўриш асносида бўлиб ўтган қатор учрашувлар давомида томонлар фикр алмашишаркан, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов: “Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда Орол денгизи ҳудудидаги муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратяпти. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги аҳолимиз дуч келаётган кенг миқёсли муаммоларни бартараф этишнинг илмий ва инновацион ечимлари устида амалий ишлар олиб бормоқда. Ўйлайманки, Форум бизни ташвишга солаётган Орол денгизи муаммолари сабабли юзага келган ташвишларимизга шерик бўлаётган ҳудудий ва халқаро илмий-тадқиқот ташкилотларининг ҳаракатларига янги куч беради” – деб таъкидлади.

ICBA бош директори, доктор Исмахан Элуафининг фикрича, Орол денгизи ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли сув танқислигидан азият чекаётган экан, жумладан, ичишга ва қишлоқ хўжалиги ишларини юритишда муаммоларга дуч келаётган экан, сув ресурсларидан фойдаланишнинг ноанъанавий усулларидан, яъниким шўрланган сувни чучуклаштириш усулларидан фойдаланиш потенциалига эътибор қаратиш зарур. “Ноанъанавий сув ресурсларидан фойдаланиш учун стратегик инвестициялар қилиниши ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан фойда келтириши аниқ.

Бунинг натижасида аҳолининг озиқ-овқат билан таъминланиш даражаси яхшиланади, сув тежалади, одамларнинг даромади ошади, шу билан бир қаторда экотизимга зарар етказилмайди”, деб изоҳлади ўз фикрини доктор Исмахан Элуафи.

Форум билан бир пайтнинг ўзида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалик экинларини диверсификациялаш ва моделлаштириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” деб номланган ўқув курслари ҳам ташкил этилади. Ўқув машғулотлари ICBA томонидан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон олимлари ва мутахассислари учун ўтказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер