Ўрнимда бошқа киши бўлганида ҳам шундай йўл тутарди — Амрилло Расулов

16:24 02 Февраль 2026 Жамият
489 0

...Ўша куни соат 16:20 лар эди. Маҳаллада ишлаб турган усталарнинг «Аёл ўзини сувга ташлади», «Чўкаяпти», деган нохуш хабари хизмат бурчини ўтаб турган профилактика инспектори Амрилло Расуловни ҳушёр торттирди. Шундоқ туман марказидан ўтувчи «Вобкентдарё» канали томон югурди.

Одатда, қишнинг аёзли кунларида канал тўлиб-тошиб оқади. Унга тушганнинг соғ-омон чиқиши даргумон. Аммо ҳозир бу ҳақда ўйлаб туришнинг мавриди эмасди. Негаки, бир инсон тақдири, кейинчалик маълум бўлишича, бири-биридан ширин тўрт фарзанднинг онаси саналган аёлнинг ҳаёти қил устида турганди.

Инспектор ўзини муздай сувга отди. Аёлни бир амаллаб қирғоқ бўйига олиб чиқди. Бу орада усталар кўмакка келди. Чўккан аёлга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу тариқа унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Шифокорларнинг таъкидлашларича, бунда профилактика инспекторининг тезкор ҳаракати қўл келган. Лоақал бир дақиқа ҳаяллаб қолинганида фожиа рўй бериши, тўрт боланинг тирик етим қолиши муқаррар эди.

— Амрулло Расулов кўз ўнгимизда ўсиб-улғайган йигитлардан, — дейди Ғиждувон туманидаги «Қорабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Каримов. — Оиласи билан Миришкор қишлоғида истиқомат қилади. У турмуш аччиқ-чучугини тотиб вояга етди. Онасидан эрта айрилди. Отаси Темир аканинг ногиронлиги бор. Маҳалламизда истиқомат қилаётган 4230 аҳолининг минг нафардан зиёдини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Амруллонинг бир ожизанинг ҳаётини сақлаб қолиб, жасорат кўрсатгани ёшларимиз учун ибрат, албатта. Биз у билан маҳалламиз ёшлари учрашувини ташкил этиш тараддудидамиз.

Амрилло Расулов таҳсил олган мактаб директори Даврон Одиловнинг таъкидлашича, қаҳрамонимиз болалигидан спорт билан мунтазам шуғулланган.

— Унинг кураш бўйича туман, вилоят миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллагани шоҳидиман, — дейди у. — Қатъиятли, меҳнатсевар йигит. Мактабдан сўнг Бухоро юридик коллежида таҳсил олди. Миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини ўтади. 2018 йилда Бухоро давлат университетининг ҳарбий тайёргарлик ва жисмоний маданият факультетини тугатди. Мен уни тақдирини ўз қўли билан яратган инсон деб биламан. Дастлаб маҳалла посбони сифатида ишлади. Кейин эса ички ишлар тизимида фаолият кўрсатишга киришди. Биз мактабимиздан халқимиз осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган шундай фидойи ички ишлар ходими етишиб чиққанидан мамнунмиз.

Илгари хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, шижоати ва касбига садоқати учун капитан А. Расуловга муддатидан олдин «майор» унвони берилди.Куни кеча эса вилоят ҳокимлигида унга шу унвонни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, участка инспекторининг яқинлари иштирок этган йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Б. Зарипов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари, жумладан, профилактика инспекторларининг эл-юрт осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ролига тўхталди. Зеро, тинчлик-хотиржамлик, осойишта ҳаёт ўрнини ҳеч нарса босолмайди.Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 27 январида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масала жиддий муҳокама этилгани ҳам бежиз эмас.

Айтмоқчи, маросимда сўз олган Амрилло Расулов рўй берган ҳодисага тўхталаркан, камтарлик билан «Менинг ўрнимда бошқа киши бўлганида ҳам худди шундай йўл тутарди», деди. Биз эса бу сўзлар ёнига у хизмат бурчини ўтаётган Вобкент туманидаги «Кулолчи» маҳалла фуқаролар йиғини жиноятчиликдан холи «яшил» ҳудудда эканини қўшиб қўймоқчимиз.

Тадбирда бир инсон ҳаётини сақлаб қолган профилактика инспекторига «майор» махсус унвони тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, у вилоят ҳокимлиги ҳамда ички ишлар бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер