Ўқувчилар мактабни ҳунарли бўлиб битирмоқда
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилояти мактабларида ҳар йили кўплаб битирувчилар умумий ўрта таълим олганлиги тўғрисидаги шаҳодатнома билан бирга қайсидир ҳунарни ўрганган ҳолда қадрдон масканлари билан хайрлашмоқда.
Янгиер шаҳридаги 7-мактаб бу борада ҳудуддаги энг намунали таълим муассасалари сирасига киради. Ушбу мактабда бир неча ҳунарларни, хусусан, тикиш-бичиш ёки пазандаликни мукаммал ўрганиш мумкин.

Бундан ташқари, ўқувчиларга информатика ва ахборот технологиялари, робототехника юзасидан ҳам қўшимча сабоқлар берилмоқда. Технология фани бўйича ўргатилаётган ҳунарлар қаторида пайвандлаш, дурадгорлик, наққошлик ва ҳунармандчилик ҳамда устачиликнинг бошқа кўплаб турлари бор.
— Ўқувчиларнинг умумтаълим муассасаларида чуқур билим олиши баробарида бирйўла бирор ҳунарни ҳам эгаллаши уларнинг мустақил ҳаётларида катта самара беряпти, — дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одил Гаймназаров. — Ҳозирда ўқувчиларга 8 та касб-ҳунар ўргатилмоқда. Юқори, яъни 10-11-синфлардаги “Касбий таълим“ фани сабоқларида амалий машғулотлар учун зарур шароитлар яратилган. Ушбу фаннинг жорий этилиши туфайли битирувчиларимизга ўрганган касб-ҳунарларига оид сертификат берилаётир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг