Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари нега маъмурий жавобгарликка тортилди?

22:06 09 Май 2021 Жамият
2221 0

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан «Ёшлар дафтари»га киритилганлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш, улар томонидан илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида ишлаб чиқилган чора тадбирлар натижасида ишсизлик муаммолари босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ёшлар ташаббусини менсимаслик, улар мурожаатини тезкор ҳал этиш ўрнига, ижросини ортга суриш ҳолатларига ҳам йўл қўйилмоқда. Оққўрғон туман ҳокимининг ўринбосари айнан ана шундай бюрократик муносабати туфайли маъмурий жавобгарликка тортилди.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаро М.Э. жорий йилнинг 18 февраль куни деҳқончилик қилиши учун ер ажратилишини сўраб туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилган. Бироқ, Оққўрғон туман ҳокимининг ўринбосари ушбу мурожаатни белгиланган тартибга кўра ҳокимлик девонхонасидан рўйхатдан ўтказиб, тезда ижросини таъминлаш ўрнига, номаълум сабабларга кўра шу кунга қадар хизмат хонасида сақлаб келган. Натижада, фуқарога деҳқончилик қилиши учун амалий ёрдам бериш ўрнига, орадан 77 кун ўтса-да жавоб қайтариш у ёқда турсин, экин-тикин мавсуми ўтиб бораётгани ҳақида ҳам ўйлаб кўрилмаган.

Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида 600 нафардан ошиқ ёшларнинг ер ажратиш тўғрисидаги мурожаатларида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани ҳокимининг ўринбосарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Шодиёр Мутаҳаров
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер