Оқчангалнинг «Қовунқоқи боғлари»
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Катта Ўзбек тракти деб ном олган йўлнинг Ховос туманидан ўтган қисми четида жойлашган Оқчангал қишлоғи қовунчиликда донг таратган. Шу боис бу манзил ҳақида гап кетганда, унинг қовун бозорлари айтилса, бас, шу йўлдан ўтган борки, тезда хаёлига келтиради. Эътиборлиси, сўнгги йилларда қовунлари туфайли Оқчангал номи хорижга ҳам тарқамоқда.
— Полизчилик маҳалладошларимиз фаровон турмушининг асосий омиллардан бири бўлмоқда, — дейди фахрий деҳқон Рустам Ювошев. — Бошқача айтганда, у қишлоғимиз аҳли фаолиятининг «драйвер» соҳаси ҳисобланади.
Оқчангал деҳқонлари эндиликда қовуннинг пўчоғини ҳам пул қилишни эплаяпти. Гап шундаки, улар қовунларни бир вақтлардагидек фақат тилим-тилим қилинган ҳолда тановул қилиш учунгина эмас, озиқ-овқат, фармацевтика саноатлари ва бошқа қайта ишлаш корхоналарига хомашё сифатида ҳам сотишмоқда. Масалан, қовунқоқи тайёрлашдан сўнг ҳамда сифатсиз ёки етилмай қолган қовунлардан ҳосил бўладиган пўчоқлар қуритилиб, чорва учун емишга айлантириляпти. Қовун уруғи эса хорижий харидорларга сотиляпти. Айтишларича, ундан турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда зарур бўладиган ноёб ёғ олишар экан. Шу маънода қовуннинг ўзи билан бирга ундан тайёрланадиган қовун қоқи экспорти ҳам йил сайин ортиб бораётганлигини эътироф этиш ўринли, албатта. Билишимизча, қовунқоқи ўзимизнинг озиқ-овқат саноатимизда, хусусан, қандолатчиликда хомашё сифатида ҳам ишлатилмоқда.

Йўналиши Мирза воҳасининг жанубий ҳудудлари бўлган «Бекобод шамоли» Оқчангалда ҳам эсади. Уни маҳалла деҳқонлари «Табиий ҳашарчи» деб атайди. Негаки, айни шамол туфайли махсус дорларга осиб қўйилган қовун тилимларининг қуриб, қоқ ҳолига келиши тезлашади. Дарвоқе, қовунқоқи сархиллигини бироз йўқотган ва сал етилмаган, лекин шираси бор қовунлар этидан тайёрланади. Тилим шаклида кесилган қовун эти пўчоқдан айрилади ва сувга ботириб олингач, дорга осилади. Яъни сувга ботириб олинса, шираси оқиб кетмайди, ўзида қолади. Аслида ҳам қовунқоқининг суйимли егуликлиги ана шу шираси ва ўзига хос ифоридадир.
Дорга илиб чиқилган тилимлар қуёш тафти яхши бўлса, узоғи билан бир ҳафтада тайёр бўлади, улар йиғиштириб олингач, дорлар яна тўлдирилади. Қовунқоқи тайёрлашнинг мазкур биринчи босқичи билан деҳқон борки, бари шуғулланади. Сўнгра ҳосил бўлган маҳсулотларини қадоқловчи тадбиркорларга топширади.
Ҳозир Оқчангалда қовунқоқини қадоқлаш 10 дан зиёд тадбиркор томонидан бажарилаётир. Деҳқонлардан сотиб олинган маҳсулотларга қадоқловчилар бозорбоп ва харидорлар эътиборини тортадиган шакл-шамойил беради, улар чиройли қадоқлаш воситасига ўралади. Эътиборлиси, Ўзбекистонда тайёрлангани ҳақидаги ёрлиқнинг бир четида маҳалла номи ҳам бор.

— Маҳалламиздаги оилаларнинг 70 фоизи полиз маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади, — дейди меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва ”Шуҳрат” медали соҳибаси Норпошша Фармонова. — Эътиборли жиҳати, деҳқонларимизнинг узоқ йиллик фаолияти асносида қишлоғимизда қовунчилик бўйича халқ селекцияси ва халқона деҳқончилик технологиялари пайдо бўлган. Дейлик, деҳқонларимиз қовун уруғини умуман четдан олмайди, имкон қадар, ҳар бири келгуси мавсум учун уруғликни ўзи тайёрлайди. Уруғ энг сара қовунлардан олинади. Бунда унинг шаклидан тортиб тўрланишининг мукаммаллигигача – ҳар бир жиҳати эътиборга олинади.
Шу кунларда ҳам Ховосдан Жиззаху Зомин томон ёки аксинча йўналишда ўтиб бораётган киши борки, Оқчангалдаги хонадонлар ҳовлисидаги қовунқоқи илинган дорлар қаторларига кўзи тушади. Бир қарашда улар ишкомларга ўхшайди. Эҳтимол шу боисдир, кузнинг ўзига хос бу ажиб ва ажойиб манзарасини «Қовунқоқи боғлари» деб атагимиз келди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг