«Онажон, сиз яшашингиз керак...» Ёки Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси чўнтагида асраб юрган хат тафсилоти
Қамаши туманидаги 4-Меҳрибонлик уйига борганимда 15-16 ёшлардаги бир қиз менга қараб, «Амакижон, онамни жуда соғиндим» деди. Дафъатан айтилган бу оғриқли сўроқ эгасига қай тахлитда таскин беришни билмай ўйланиб қолдим. Киприкларим орасидан сизиб чиққан ёшни ҳарчанд яширишга уринмай уддалай олмадим.
У қиз эса чўнтагидан бир қоғоз чиқариб менга узатди.
— Онамга ёзгандим, шуни бир ўқиб чиқинг, — деди.
— Ахир бу хат онангизга аталган-ку!
— Ҳамма оналарга аталган, бемалол ўқийверинг, — деди у кўзларида оқаётган ёшни тия олмай.
«Онажон, мен узоқда — Меҳрибонлик уйида эканлигим туфайли касалхонага бориб сизни кўра олмадим, фақат қўлимни дуога очиб, сизга соғлик тилаб турибман. Менинг Қамашидаги Меҳрибонлик уйида тарбияланаётганим учун сиз ҳеч ҳам айбдор эмассиз. Сизнинг оналик меҳрингиз кучли эканини жуда яхши биламан. Орзуларингиз ҳам жуда кўп эди. Бизларни ўқитиш, одам қилиш, элга қўшиш, бахтли оила бўлиб яшаш сизнинг энг улуғ ниятингиз эди. Афсуски... сизнинг пешонангизга тақдир шундай қора кунларни солди. Сизнинг оғир хасталигингиз оиламизга бегона бир аёлнинг суқилиб киришига олиб келди. Хаста аёл ва 3 фарзанд меҳри ҳам тош юракни эрита олмади. Онажон, сиз, мен ва акам кўчада — ночорлик исканжасида қолдик. Бошқа бир оила эса худди бегонадек эди бизларга. Ўртадаги совуқлик сизнинг касалингизни янада зўрайтирди. Бояқиш қариб қолган бувимнинг бизларни боқишга қурби етмасди. Кейин менинг борар манзилим Меҳрибонлик уйи бўлди.
Онажон, сизни жуда соғиндим. Сиз яшашингиз керак, Сизни мен Ҳажга юбораман, насиб этса, Ҳожи она бўласиз. Одамларга онажонимни дуо қилинглар дейишдан сира чарчамайман...»
Бир хатга, бир Нигорага (номи ўзгартирилган) қараб, чуқур ўйга чўмдим. Нигора эса ёшли кўзлари билан илтижо қиларди:
— Онамда айб йўқ, онам мени бу ерга келишимни истамаган.
— Биламан, сенинг онанг дунёдаги энг меҳрибон аёл, у албатта, соғайиб кетади, узоқ умр кўради, — дея уни бағримга босдим. Шунда унинг кўзларида қувонч порлади. Онаси ҳақида айтилган ҳар бир яхши гап фарзанд дилини яйратиб юборишига яна карра амин бўлдим.
— Мана бу киши менинг дадажоним, — дейди у Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рўзибой Абдиевни кўрсатиб. — Меҳрибонлик уйидан қочиб кетаман, деганимда дадажоним «сен бу ердан қочиб кетишинг мумкин, лекин ўзингдан қочиб кета олмайсан» деганлар. Шунда мен ўзлигимни англаб етганман. Яшашга иштиёқим ортган. Яхши ўқиб, институтларга киришни, зўр мутахассис бўлишни, онамни энг бадавлат аёл қилишни орзу қилганман.
Рўзибой ака ҳам Нигорани бағрига босиб, «ўзимни қизим деганман, то умримнинг охиригача оталик вазифасини бажараман» деди. Эҳ-ҳе, Рўзибой ака 31 йилдан буён Меҳрибонлик уйида ишлаб, не-не отасиз, онасиз фарзандлар бошини силаган, худди ўз отасидек, турмушга узатган, уйлаган, тўйларида давранинг тўрида ўтирган.
— Болалар мени ўзининг отасидай кўрганидан жуда қувонаман, — дейди Рўзибой ака. — Бола кимгадир суяниши керак-ку! Унга суянч бўла олиш ҳам катта масъулият талаб этади. Улғая бошлагач, уларга тўғри йўл кўрсатсангиз, албатта, яхши одам бўлиб чиқади. Мана, бизда тарбияланган Бобуржон ошпазликка қизиқди. Шу соҳада техникумни битирди. Дастлаб Тошкентдаги ресторанларнинг бирида ёрдамчи ошпаз бўлиб ишлади. Кейинчалик Термизда фаолиятини давом эттирди. Биласизми, ҳозир унинг 7 та ресторани бор. Катта тадбиркор бўлди. Ҳар байрамда Меҳрибонлик уйига совға-салом билан кириб келади. Шу бола ҳам мени худда отасидай кўради. Мен ҳам ўзимнинг фарзандимдай унинг ютуқларидан қувонаман, болаларини набираларимдай эркалайман.
Ҳозирги кунда Меҳрибонлик уйида 131 нафар 4-16 ёшгача бўлган болалар тарбияланмоқда. Яшаш, дам олиш, овқатланиш, спорт билан шуғулланиш учун ҳамма шароитлар яратилганини кўрдим. Аммо бир жиҳат мени жуда ўйлантириб қўйди. Тарбияланаётган болаларнинг 30 нафарининг ота-онаси йўқ, холос. Қолганларининг ота-онаси ҳаёт ва улар турмуш қийинликларини ва оилавий муаммоларни баҳона қилиб, фарзандларини меҳрдан мосуво қилишмоқда.
— Ота-она ўзи қилган хатони бир кунмас бир кун тушуниб етади, фарзандини қўмсайди, — дейди Меҳрибонлик уйи директори Гулбаҳор Ҳамидова. — Бунга шу йилнинг бошидан то ҳозирга қадар 54 нафар ота-она фарзандини Меҳрибонлик уйидан олиб кетганини мисол қилиб келтириш мумкин. Фарзандларнинг қувонганини, бизларни қучоқлаб йиғлаганини айтмайсизми? Барибир ота-она меҳри бошқача. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Йил сайин Меҳрибонлик уйларининг қисқариб бораётгани ота-оналар ўз масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилаётганидан далолат бериб турибди. Яқинда Китобдаги Меҳрибонлик уйи тугатилиб, тарбияланувчилари бизга олиб келинди. Ундан олдин Қарши шаҳридаги Меҳрибонлик уйи ҳам ўз фаолиятини тугатган эди. Мақсадимиз битта: ҳар бир бола ота-она оғушида, оила бағрида ўсиб-улғайсин, камолга етсин.
Сен шундай яшагинки, номинг тилга олинганда, фарзандларингнинг юзи ерга қарамасин... Шарқ файласуфларидан бирининг бу ибратомуз гапини фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-она ёдда тутиши лозим. Зеро, меҳрнинг бозори йўқ, уни сотиб олиб бўлмайди.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг