“Оналар боғи” меҳр-оқибат боғига айланади

13:52 07 Ноябрь 2023 Жамият
224 0

Фото: “Халқ сўзи”

Юртимизда бундан икки йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳам изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётир.

Ўтган давр ичида хайрли иш доирасида 2,6 миллион тупдан ортиқ кўчатлар ўтқазилиб, кўкартириб олингани бунинг яққол тасдиғидир. Айни ҳаракат натижасида “Шоҳидон нурли диёр” массивида ташкил этилган 5 гектарлик “Яшил боғ”, бир қатор маҳаллаларда барпо этилган “Яшил жамоат парклари”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” ҳудудидаги 2 гектарлик “Яшил белбоғ” ва бошқа масканларда ўтқазилган мевали ва манзарали кўчатлар барқ уриб, кўзларни қувонтирмоқда.

Тўрақўрғонликлар умуммиллий лойиҳанинг жорий йил кузги мавсумига ҳам уюшқоқлик билан киришишди. Жойларда ўтқазилиши режалаштирилган 580 минг туп кўчатнинг 248,5 минг тупи белгиланган майдонлардан ўрин олди. Куни кеча яна бири хайрли юмушга қўл урилиб, бу ерда “Оналар боғи”га асос солинди. Унинг ташкил этилишида тумандаги 50 дан ортиқ ташкилот ва муассасаларда раҳбарлик лавозимида ишлаётган хотин-қизлар жамланиб, 250 тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.

— Бугун янги боғга меҳр билан ниҳоллар экдик, — дейди фахрий пахтакор, Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон ая Мирзаева. — Бу жой ҳадемай кўпчилик ҳавас қиладиган дилтортар масканга айланади. Унда яшнаб ўсадиган дарахтлар меваси дастурхонимизни тўлдирса, табиий иқлим ва тоза ҳаво атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қилади, албатта.

                                                              Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер