Она табиатни асраб-авайлаш — ҳар биримизнинг бурчимиз
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш ҳар доим актуал масала бўлиб келган.
Ушбу мақсадларга эришиш йўлида Президентимизнинг 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Фармон қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, охирги йиллардаги қўрғошин-техноген металл сифатида ташқи муҳитга ажралиб чиқиши йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Овқат ҳазм қилиш тизими ташқи муҳит билан организм ўртасидаги дастлабки бевосита алоқа ҳалқаси ҳисобланиб, металлни кўп миқдори ушбу тизим орқали кириши ва организмда сатурнизм ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.
Аҳоли урбанизацияси турли қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб ортишига олиб келиб, тупроқнинг самарадорлигини ошириш мақсадида пестицидлар, гербицидлар ва бошқа кимёвий моддалардан фойдаланиш натижасида тупроқ ва сув таркибида юқорида келтирилган бирикмалар билан бирга оғир металларнинг улуши ҳам ортиб борди.
Натижада занжирли жараён юз бериб, улар тупроқ ва сув орқали билвосита ва бевосита йўллар билан одам ва ҳайвонлар организмига тушиб, турли патологик ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Атроф-муҳитнинг ноқулай экологик шароити турли хил касалликларни юзага келишига сабаб бўлмоқда. Хаво, тупроқ, дарё ва ичимлик сувларини ифлосланиши турли касалликларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан биридир. Оролбўйи ҳудудларида экин майдонларини суғорадиган ва қудуқ ичимлик сувларида ҳамда марказлашган сув тармоқларида турли оғир металл тузлари билан биргаликда қўрғошиннинг миқдори ҳам сезиларли даражада ошганлиги қайд этилган.
Инсонлар томонидан индустриал саноатни тарақийлаштириш натижасида қўрғошин ва унинг бирикмаларини атроф-муҳитга тарқалиши йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ҳар йили ташқи муҳитга қўрғошин техноген металл сифатида ўртача 400 000 тонна ажралиб чиқади. Саноат чиқиндиларини кўп ҳолларда дарё сувларига тўкиш натижасида ҳам дарё сувлари таркибида қўрғошин миқдорини кўпайиши кузатилмоқда.
Ҳозирда транспорт саноати бутун дунёда энг ривожланган соҳа ҳисобланади. Аммо ҳар бир транспортдан чиқадиган тутун таркибидаги қўрғошин атроф-муҳитни, айниқса, ҳавони ифлословчи асосий омил ҳисобланади. Тупроқ, ўсимликлар таркибида қўрғошиннинг кўп бўлиши организмни сурункали касалликларга чалиниб, иммун тизими пасайишига сабабчиси бўлиши мумкин.
Олимлар токсиклиги жиҳатидан заҳарли бўлган химиявий моддалар ва уларни бирикмаларини текшириб қуйидагича HgCl2, PbCl2 ва ZnSO4 ўринларга қўйган. Одамлар қуйидаги манбалар орқали қўрғошиндан заҳарланиши мумкин: а) автомобил ёқилғилари таркибидаги; б) консерва қутилари таркибидаги; в) бўёқлар таркибидаги; г) металл қувурлар таркибидаги; д) металлургия саноати чиқиндилари таркибидаги қўрғошиндан заҳарланиши мумкин.
Қўрғошин тери орқали оз миқдорда (0,3%), нафас олиш аъзолари орқали (30-35%) организмга тушиши мумкин. Ҳозирги вақтда экологик ифлосланган ҳудудларда бронхиал астма касаллигини кўпайиши кузатилмоқда. Қўрғошин алиментар омиллар орқали 44-100% гача организмга тушиши мумкин.
Демак, токсикантнинг организмга тушишининг асосий кўрсатгичи озиқ-овқат билан амалга ошади. Озиқ-овқат маҳсулотларига турли абиотик ва биотик омилларнинг таъсири натижасида органзмда турли патологик ҳолатларни ривожланишига сабаб бўлади. Ноқулай экологик омиллардан ҳисобланган оғир металл бирикмаларининг атроф-муҳитда руҳсат этилган меъёрлардан ортиб кетиши нафақат овқат ҳазм қилиш тизимида, балки бутун организмда турли патологик ҳолатларни ривожланишига олиб келиши мумкин. Қўрғошин буйрак, жигар, суяк тўқималарида йиғилади.
Қон ҳужайраларидан — эритроцитларда жойлашиб, бошқа тўқималарга тарқалади. Ўзбекистонда баъзи бир индустрияси ривожланган ҳудудларда кўплаб учраб, тирик организмларга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Оғир металл тузларининг организмга таъсир қилиш механизми жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Қўрғошин одатда организмнинг кўпгина аъзо ва тизимларига таъсир қилади. Қўрғошиннинг таъсири унинг миқдорига тўғридан тўғри боғлиқ.
Ҳаво таркибида 0,03-0,1 мкг/м3, тупроқ таркибида эса 10 мкг/г, кундалик ичимлик сувида 0,01-0,03 мг/л учрайди. Катта ёшдаги одамлар танасида ўртача 130 мг атрофида йиғилади. Шундан 0,4 микрограмми бир кеча-кундуз давомида тушади. Агарда юқоридаги миқдордан ортиб кетса, организмда турли патологик ҳолатлар келиб чиқади. Токсик моддаларнинг зарарли таъсирига биринчилар қаторида қон ва қон ҳосил қилувчи тизим сезгир бўлади. Бундан ташқари, у асаб, эндокрин, ошқозон–ичак ва айириш тизимларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Қон ва қон ҳосил қилувчи тизимга оғир металл тузининг таъсири гем биосинтезининг бир неча ферментатив босқичларини, темир алмашинувини ва эритроцитларда гемоглобин синтезини бузади. Бу, айниқса, ўсувчи ёшдаги болаларда яққолроқ намоён бўлади.
Атроф-муҳитни яхшилашда, аввало, ҳар бир инсон ўзидан бошлаши керак, қолаверса ўсиб келаётган ёш авлодни табиатпарварлик руҳида тарбиялаш даркордир. Уларни табиатга мехр кўзи билан қарашга ва инсон табиатни бир бўлаги эканлигини уқтириш зарур. Дарахтларни катта йўл бўйларига экаётганда ҳам турли ташқи стрессларга ва сувсизликка чидамли навларини экишни йўлга қўйиш керак. Ҳар бир инсон табиатга бефарқ бўлмаслиги керак. Чунки табиат бизга берилган беҳисоб неъмат ҳисобланади.
Иродахон КАРИМОВА,
Ўзбекистон миллий университети Биология факультети доценти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг