Она мен келдим дегин...

17:12 22 Май 2023 Жамият
616 0

Иллюстратив фото

“Албатта, болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани, халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофи ва болажонлигини кўрсатиб турибди. Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, янада яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка беришни тезлаштириш чораларини кўриш лозим”.

Шавкат Мирзиёев.

Ҳофизанинг қўшиғини тинглаб, юраклар сел бўлиб кетади. “Болам келсанг қай маҳал, кўзим йўлингга махтал, қошимга келиб ҳар гал — “она мен келдим, дегин...” Бу қўшиқ эмас нола. Она ва бола ўртасидаги меҳрдан яралган ришта.

Бу қўшиқни бежиз эсга олмадик. Яқинда Китоб туманидаги оилавий болалар уйи раҳбари Нафосат Самиева қаровсиз қолган тўққиз ёшли Умидани (исми ўзгартирилган) илк қабул қилаётганда беихтиёр унга қараб,  “она мен келдим, дегин” деб юборди. Умида ҳам тўққиз йилдан буён она дийдорига муштоқ эмасми, опанинг бағрига ўзини отиб, “она мен келдим” деб кўзларидан шошқатор ёш оқди.

Бинобарин, юртимизда меҳрибонлик уйлари тугатилиб, етим ва қаровсиз қолган фарзандлар оилавий болалар уйларига жалб этилгач, уларнинг руҳияти ўзгарди, тафаккурида оила аъзоси экани ҳақида улуғ тушунча пайдо бўлди. Муҳими эса ота-она, қўни-қўшни, амма-хола ва маҳалладошлар қуршовида оила аталмиш қадрдон салтанатнинг аъзоси эканини улар теран ҳис қилишмоқда. Оилавий муҳитга илк қадам қўйган Умиданинг “она мен келдим” деб ўзини Нафосат опа қучоғига отиши ҳам оила аталмиш муқаддас ришталарнинг узиб бўлмаслигидан далолат бериб турибди. Чунки боланинг бегонаси бўлмайди.
—Тўғриси Умиданинг бағримга босганимда менинг ҳам кўзларимдан ёш чиқиб кетди,—дейди Н. Самиева. —Бу туйғуни сўз билан ифодалаш анчайин мушкул. Бу қалбан яқинлик, меҳр ва оқибат ришталарининг туташувидир. Умида 9 ёшга қадам қўяётган бўлса-да, ҳали мактаб кўрмаган, ўқиш ёзишни билмайди. Шунинг учун уни бу йил 1 синфга чиқараман. Лекин зеҳни ўткир, фикрлари теран қизалоқлиги фикрларидан сезилиб турибди. 
Оилавий муҳитга кўника бошлаган Умиданинг фикрлари билан қизиқдик. 
-Бу ерда опаларим бор,- дейди у. –Улар шундай меҳрибонки, асти қўяверасиз. Менга ўқиш ва ёзишни ўргатишяпти. Яқинда мактабга бораман, онажон менга сумка, дафтар-қалам олиб берди. 
-Келгусида ким бўлмоқчисан?
-Шифокор бўламан, ҳаммани даволайман. Дунёда ҳеч ким касал бўлмаслини истайман...
2022 йилда Нафосат Самиева ташкил этган бу оилавий болалар уйида Умида билан бирга яна 4 нафар фарзанд тарбияланмоқда. Мубина Тожибоева  12 ёшда, Бўрихол Эшназарова 11 ёшда Каромат Назарова 10 ёшда ва  Жонибек Эшназаров 9 ёшда. Улар Нафосат опани “она” деб чақиришади, ўз онасидай кўришади. Энг муҳими улар юрагида етимлик деган туйғу батамом ўчиб кетган. Бир оила фарзандлари бўлиб, улғайишмоқда. Бу мамлакатимизда етим болаларни оилага қайтариш, оилавий муҳитда камолга етказиш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг амалий натижасидир.
Умиданинг онаси Фароғат Аминова (исми ўзгартирилган) ҳаёти ҳавас қилгулик эмас. У умиди ва ишончи бўлиб дунёга келган қизалоғи Умиданинг тақдири билан қизиқмади. Ҳатто туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишга ҳам шошилмади. Ажабланарлиси, Умида 9 ёшга қадам қўяётганда ҳам туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси йўқ эди. Бунда фақат онани айбласак хато бўлади. Наҳотки қўни-қўшни, маҳалла кўй, қавму қариндошлар Умида тақдирига бефарқ бўлишса? Хўп, она лоқайд экан, назороат органлари қаёққа қаради? 9 ёшга қадам қўяётган қизчанинг ҳали ҳужжати йўқ эканлигини эшитиб, елка қисиб қўямиз, холос. Аммо унда ўзимизнинг ҳам айбимиз борлигини ўйлаб кўрмаймиз, Нега шундай?

-Умида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида дунёга келганини аниқладик,- дейди Қарши тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири Маъмур Абдуллаев. – Суруштирувларимиз натижасида у 2014 йилнинг 23 августида туғилгани тўғрисидаги ҳужжатни топдик. Аммо Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти архивлари бирорта ФХДЁ органи томонидан унга гувоҳнома берилмагани маълум бўлди. Бундай ҳолатда Фароғат Аминова вақтинча ижарада яшаган Қарши туманидаги Боғобод маҳалласи Сарой қишлоғи асос қилиб олиниб, Қарши туман ҳокимлиги Болалар масалалари бўйича туман комиссияси томонидан ҳудудий ФХДЁ органи орқали Умидага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилди.  Комиссия хулосасига кўра, қизчани оилавий болалар уйига жойлаштирдик.
Ҳечдан кўра кеч деганларидек, Умида оилавий муҳитдаги меҳрибон қўлларга ўтгани қувонарли, албатта. Яқинда у мактабга чиқади, хат-саводли бўлади. Аммо онаси Фароғат-чи? Унинг келгуси тақдири нима бўлади?
-Фароғат Аминова билан у қамоққа олинган муассасада учрашдим,- дейди М. Абдуллаев. – Саёқ юрсанг, таёқ ейсан, деганларидек, бу аёл ўғирликда гумон қилиниб, хибсга олинган. Эшитишимга қараганда у ижара ҳақини тўлай олмай, қабих ишга қўл урганликда гумон қилинмоқда. Унга қизи Умидага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб, оилавий болалар уйига жойлаштирилгани ҳақида айтганимда ҳунграб юборди. Қизини ишончли қўлларда эканидан боши кўкка етди. Қилган ишларидан пушаймонлигини, келгусида ҳалол яшаб, фарзанди олдида оналик бурчини адо этиши ҳақида гапирди. 
Биласизми, ҳатто Фароғатнинг қўлида паспорти ҳам йўқ. Кимлардир олиб қўйиб, қайтариб бермаган ёки алдовларга дучор қилишган. Алқисса, газетхонда ҳаётда бундай алданганлар кўп-ку, нега сиз айнан шу аёл тақдири ҳақида ёзяпсиз, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, фарзандларнинг енгил-елпи йўлга кириб кетиши, саёқ юриши ёки жиноятга қўл уриши бу фақат ўша шахснинг фожеаси эмас. Бу – сизнинг, бизнинг, қолаверса барчамизнинг хатомиз ёки бефарқлигимиз оқибатидир. Агар бир бола ёмон йўлга кирса, “у бировнинг боласи” ёки “менга нима?” деб қўл силтаб қўямиз. Ахир у бегона эмас, ўз миллатимиз, ўз юртимиз, жонажон Ўзбекистонимиз фарзанди-ку! Агар бефарқлик, лоқайдлик давом этаверса, бу фожеа бир кун келиб, ўзимизнинг бошимизга ҳам тушмаслигига ким кафолат беради?
Шундай экан, бу аёл тақдири, ўнлаб Фароғатларнинг тақдирига сабоқ бўлишини истаймиз. Вақти келиб уларнинг оиласи бўлишини, она сифатида фарзанди ютуқларидан қувонишини, ҳар доим соғиниб яшашини хоҳлаймиз.  Бир кун келиб Фароғат ҳам қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзи учун янги, ёрқин ҳаёт йўлини танлашига, касбли, ишли, уйли ва оила бўлиб, ҳар куни тилида шу сўзлар янграшига ишонгимиз келади: “она мен келдим дегин”, “мана мен келдим дегин”...

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер