Олмалиқда юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида уч нафар ҳиндистонлик ишчи ҳалок бўлди, яна 29 нафари тан жароҳати олди

14:43 20 Февраль 2024 Жамият
263 0

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Олмалиқда янги қурилаётган мисни бойитиш фабрикасида темир конструкциялар кучли қор ёғиши натижасида қулаб тушган. Воқеа жойида қурувчи компаниясининг 32 нафар ишчилари (Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, республикамизда бир неча кундан бери давом этаётган совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли “Enter Engineering” компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги (3-сонли мисни бойитиш фабрикаси) вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаши натижасида техноген вазият вужудга келган.

Бунинг натижасида уч нафар ҳиндистонлик ишчилар воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олганлиги сабабли шифохонага жойлаштирилган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб жавоб берилган.

Ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, об-ҳавонинг кескинлашуви ва қалин қор ёғиши оқибатида бугун Олмалиқ шаҳридаги “Қўқон бозорида” ҳам савдо айвони қулаши юз берди. Жабрланганлар йўқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер