Ўлмай туриб “ўлган”лар
Фото: «Халқ сўзи»
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда халқ вакиллари бўлган депутатлар фаолияти кескин танқид қилинмоқда. Депутатларнинг ҳаммаси ҳам жойларда аҳоли вакиллари билан учрашиб, аниқ ҳолатни ўрганиш, ижро ҳокимияти устидан парламент ва депутатлик назоратини олиб бормаяпти. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлик сўрови институтидан оқилона фойдаланмаяпти.
Ахир, партиянинг сайловларда берган ваъдаларини амалга оширувчи ҳақиқий куч бу — депутатлик корпуси ҳисобланадику? Айрим депутатлар ўз ваколатлари ва масъулиятини ҳамон тўлиғича англаб олмаяпти: на бир масала юзасидан аниқ ташаббус билан чиқади, на ўз сайловчилари билан учрашиб мулоқот ўтказади... Афсуски, Кенгашлардаги сессия ва доимий комиссия йиғилишларида иштирок этиб, қўл кўтариб, тасдиқлаб беришдан бошқасига ярамаяпти. Аммо, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессияси ҳақида бундай дея олмаймиз. Чунки бу галги сессия, ўтган сессиялардан том маънода фарқ қилиб, шаффофлик руҳида, қизғин баҳсу мунозараларга бой ўтди. Депутатлар куннинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари, вилоят кенгаши депутати Зайнаб Бердиева:
Депутатлик гуруҳимиз томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4-апрелдаги “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарорининг Самарқанд шаҳридаги ижроси ўрганилди, депутатлик сўровномалари юборилди. Натижада Самарқанд шаҳри ҳудудида жойлашган 40 та қабристонга хизмат кўрсатувчи махсус техникалар янгиланди, 27 та қабристон назоратчиси ва қоровул штат бирлиги жорий қилиниб, барча ишчилар махсус кийимлар билан таъминланди. Биргина Навбоғчиён қабристонига маҳаллий бюджет ҳисобидан 158 миллион сўм маблағ ажратилиб, 218 метр қисми девор билан ўралди. Мавжуд 500 метр деворлар қайта таъмирдан чиқарилди. Супер қабристонига эса 130 миллион сўм маблағ ажратилиб, 205 метр қисми девор билан ўралди. Ишчилар учун замонавий типдаги ювиниш хонаси, омборхона, тобутхона, таҳоратхона ва ҳожатхоналар қуриб берилди.
Аммо ўрганишлар давомидаги тегишли қонун талабларининг Самарқанд шаҳридаги ижроси талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд қилинган қарори ижросига кўра, шаҳардаги Хўжа Абду Дарун қабристони жойига бориб ўрганилганида айрим қабрлар чўкканлиги, қабрларни сақлаш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби бузилганлигига гувоҳ бўлдик. Дафн этишга ажратилган участкага узунлиги 1,5 метр, эни 1 метр ва баландлиги 0,5 метрдан 1метргача ўлчамда қабр усти ёдгорликлари ўрнатиш белгиланган бўлсада, айрим қабр ёдгорликлари 10-16 квадрат яъни узунлиги 3-4 метр, эни 4 метр, баландлиги эса 2 метр ва ундан юқори қабр усти ёдгорликларини кўриб ажабландик.
Айрим қабр ёдгорликлари устига катта-катта гумбазлар қурилганлиги етмагандек, шу каби қабр ёдгорликлари ёнида бир-икки жойлар номаълум сабабларга кўра, эгаллаб олинганлигидан ҳайратда қолдик. Ҳатто айрим қабртошларда тирик одамнинг туғилган санаси-ю йили,исм-шарифи ёзиб қўйилганига нима дейсиз? Ахир, бу кетишда шаҳримиздаги мозорлар ер майдонлари қисқариб кетмайдими? Бундай манзараларга диний уламоларимиз нима деркин?
Тойлоқ тумани бош имом хатиби, Бегмурод Исмоилов:
Ҳақиқатдан бу жуда долзарб мавзу. Бугунги кунда халқимиз зеҳниятида “Мен сендан кам эмасман!” деган манманлик туйғуси авж олган. Яъни ота-онаси, яқин қариндошларига тириклигида эҳтиром кўрсатмайди-ю, у дунёга кетгач, қабрларига катта-катта сангу мармарларни ўрнатиб, зебу зийнатга буркаб, камига ўзларига жой ажратишлик, тирик юрган баъзи одамлар ўзларига қабртоши ёздириб қўйишдек хунук манзараларни кузатяпмиз. Бу муқаддас Ислом динимизда, шариатимизда кўрсатилмаган. Аксинча, бу жараёнлар муқаддас ҳадис китобларимизда қаттиқ қораланган. Биз ким билан қўшни бўламиз? Бизга қабристоннинг қаеридан жой тегади? Бу муҳим жиҳатлар эмас! Мўмин-мусулмоннинг олдида турган асосий бурчларидан бири - Аллоҳнинг ундан рози бўлиши, у дунёга риҳлат қилган одам иймон билан кетиши керак. Бу борада биз диний уламолар ҳам халқимиз ичида маънавий тарғиботни кучайтиришимиз керак.

Тойлоқ тумани Олмазор қишлоғида яшовчи пенсионер Султонмурод Раззоқов:
Яқинда қишлоғимиз қабристонида бир йигит қабртошга ўйиб ёзилган, қушлар булғаб кетган арабча диний оятларни зўр бериб намчил латта билан артаётганини кўриб қолдим. “Ёмон ўрнашиб қоларкан, кимёвий мосламада зўрға тозаладим” деди у...
Мен айрим шаҳарлардаги муқаддас авлиёлар ётган қабристонларда жойлар “фалон пулдан, фалонгача пулланармиш” деган гап-сўзларни кўп эшитганман. Атрофини панжаралар билан ўраб, соябонлар қуриб, гумбазсимон сайқал бериб юборганларини ҳам кўрганман. Тўғри марҳумларни эслаб ёд этиш урф-одатимиз, лекин бундай нақшинкор мармар тошларни қабр устига қўйиш ҳам нечоғли ўринли? Ҳеч тушуна олмайман. Бу ўзининг ким эканлигини бошқаларга кўз-кўз қилишми? Аввало, шариатимизда марҳумга қабр тоши қўйиш мумкин эмас дейилган. Ҳозир ҳаёлимга “Туғилмаган болага, тут бешик”деган халқ нақли келди. Қандай қилиб тирик юрган одам ўзи учун қабртоши ёздириб қўйиши мумкин? Ақл бовар қилмайди.
Умид Сориев, “Халқ сўзи” мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг