Олис ҳудудларда байрам шукуҳи

15:07 13 Январь 2024 Жамият
629 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ватан ҳимоячилари куни байрами шукуҳи Навоий вилоятининг олис ҳудудларида ҳам юртдошларимиз қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Чунончи, олис Томди туманининг Ҳаёт маҳалласига Мудофаа вазирлигига қарашли Зарафшон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмга “Ватанпарварлик” карвони ташриф буюриб, улар томонидан “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳарбий-сиёсий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида республикамиз хавфсизлиги ва тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, мутлақо янги Миллий армия вужудга келгани, қўшинларнинг шайлиги, жанговар қобилияти ҳақида сўз юритилди.

— Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз қалбида Ватан ҳимояси ишончли қўлларда эканлигини намойиш этишга қаратилди, — дейди ҳарбий хизматчи Нодирбек Бобоев. — Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, шу мақсадда улар олдида турган вазифалар тушунтириб ўтилди.

Тадбирда фахрий қоровул қўшинларининг жанговар саф юришлари ҳамда қўл жангидан моҳирлик ва эпчиллик намойиши ёшлар қалбида ҳарбий бурчларини ўташ ҳиссини уйғотган бўлса, ҳарбий оркестр жамоаси ижросидаги мусиқа ва қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бахш этди.

Байрам муносабати билан Кармана туманининг “Янги Ўзбекистон” массивида” эса 28 нафар ҳарбий оиласига янги уй-жойларнинг калити топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тантанада сўз олганлар, Қуролли кучларимизни замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш баробарида ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой ва маиший шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Турмуш ўртоғим йигирма йилдан буён ҳарбий хизматда, — дейди Дилрабо Жўраева. — Олти нафар фарзандимиз бор. Шу пайтга қадар Қашқадарёда, Бухорода хизмат пайтида ижарада яшаб келган эдик. Бугун мана уч хонали квартиранинг калитини олишимиз кутилмаган совға бўлди.

Байрам тадбирлари вилоятнинг турли корхона ва ташкилотлари, маҳаллаларида давом этмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер