Олий таълим тараққиёт локомотивига айлана оладими?
Иллюстратив фото
Таълим бир вақтнинг ўзида инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳам устқурмаси, ҳам омили, ҳам воситаси ролини бажарадики, у эзгуликнинг ёвузлик устидан ғолиб чиқишига имкон берувчи манбадир. Таълим сифатининг жорий ҳолати эса мамлакат гуллаб-яшнашининг ҳамда халқ фаровонлигининг индикатори ҳисобланади.
Ўзбекистонда миллий таълим соҳаси ривожи янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда миллий таълимни бошқариш механизмларини такомиллаштириш муаммоларини тизимли-инновацион ёндашув билан ҳал этишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратишга қаратилган кенг кўламли ишларни алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга хизмат қиляпти.
Қарорга кўра, олий таълим тизимини 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмликдан зиёд бўлиб, унинг 500 миллиард сўмликдан ортиғини таълим даргоҳларини ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланиши кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан жамиятни ахборотлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини ҳаёт фаолиятининг барча соҳасига кенг кўламда татбиқ этиш, жумладан, таълим сифатини таъминлашда замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан ҳамда хорижий тажрибанинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш масалаларига катта эътибор билан қаралмоқда.
Бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари тақдим этаётган қулайликлар таълим ислоҳотларини олиб боришда аҳоли турли қатлами вакилларининг иштирокини ҳам таъминлаётир. Бу эса таълим тизими истеъмолчиларининг талаб ва таклифларини тўлақонли инобатга олишга, кўзланган мақсад учун тўғри йўл танлашга ва стратегик қарорлар қабул қилишга кўмаклашяпти.
Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимиздаги миллий таълим тизими ислоҳотлари, жумладан, таълим сифатини таъминлаш устувор йўналиш деб белгиланаётган даврда олий таълим тизимининг самарали меъёрий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Олий таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар яқин келажакда мамлакатимизни интеллектуал салоҳияти юқори, ялпи миллий маҳсулотнинг жон бошига улуши юқори, инсон капитали индекси юксак бўлган давлатлар қаторига олиб чиқишига ишончимиз комил.
Акрамжон Каримов, Тошкент давлат юридик университети доценти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг