Оксфордни забт этган муаллима
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Иқтидор ва унга монанд изланиш муваффақиятга йўл очади. Буни Наманганнинг олис қишлоғидаги оддий оиладан чиққан муаллима Нодира Набиева мисолида ҳам кўриш мумкин. У Тўрақўрғон туманидаги 37-умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан дарс беради. Юртимизда “Инглизча — Ўзбекча сурдо луғат“ тайёрлаган умидли ёшлардан биридир. Германиянинг “Lambert Academic Publishing” нашриётида “Teaching English to deaf students” “ номли китоби чоп этилиб, саккиз тилга таржима қилинган. Мазкур адабиёт АҚШнинг Gallodet университети профессор-ўқитувчилари томонидан юқори баҳоланиб, айни пайтда ёрдамчи ўқув-услубий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда. Бунинг учун изланувчан муаллимага 5 минг АҚШ доллари гонорар сифатида тўлаб берилган.

Биргина бу эмас. Бир муддат аввал Нодира Буюк Британиянинг Оксфорд университети докторантура йўналишига 100 фоизли грант ютиб олиб, Clarendon стипендианти бўлган. Бироқ оилавий шароити туфайли таҳсилни давом эттира олмаган. Мактабдаги фаолиятига қўшимча илмий тадқиқот олиб бормоқда. Айни пайтда Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган чет тиллари институтининг таянч докторанти. Ҳозирга қадар педагогнинг 50 дан ортиқ илмий мақолалари Германия, АҚШ, Франция, Англия, Ҳиндистон, Чехия каби давлатларнинг юқори импакт факторли журналларида чиққан.
— Нодира жамоамиз фахри, — дейди мактаб директори Маҳфуза Собирова. — Нуфузли танловларда фаол қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келаётир. 2023 йилда Россия ҳамда МДҲ давлатлари миқёсидаги таълим тизими ходимлари танловида “Энг яхши тадқиқотчи” номинацияси бўйича биринчи даражали дипломни олган эди. Ўтган йил якунида эса Наманган вилояти мактаб ўқитувчиларининг кўрик-танловида “Энг маънавиятли ёш ўқитувчи” сифатида эътироф этилди.

Нодира Набиева ҳозирги кунда ўз устида қунт билан ишлаб, “Эшитиш қобилиятини йўқотган ўқувчиларга инглиз тилини ўқитиш методлари” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда. Мактабдаги фаолияти ҳар жиҳатдан муносиб баҳоланган ўқитувчи самарали меҳнати учун ойига минг доллардан ошириб маош олаётир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг