Ойнадан ўпкаланиш нечоғли тўғри?!

23:30 16 Февраль 2019 Жамият
1888 0

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар ҳокимиятида “Бугун бунёдкорлик — эртага тарих” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналистлар ҳамда блогерлар қатнашди.

Ташкилотчиларнинг сўнгги йилларда пойтахтда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, Себзор даҳаси, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларининг айрим ҳудудларида уйлари бузилишга тушган фуқароларнинг кўз қувнатар мақтовлари акс этгани ёритилган видеоролигидан сўнг (афсуски, видеороликда қуриб бузиш манзараларигина намойиш қилинган бўлиб, мавжуд инфраструктура объектларидан фойдаланишдаги камчиликлар, хусусан, газетамизнинг бугунги сонида чоп этилган ва сайтимизда жойлаштирилган Учтепа туманининг Тепақўрғон маҳалласидаги сингари муаммоли ҳолатлар ҳақида ҳеч қандай гап йўқ) шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев матбуот анжуманини очиқ, деб эълон қилди.

Шу билан бир соатдан ортиқ вақт тўртта ўринбосарнинг қоғозга қараб ўқиб берган справкамонанд ҳисоботига сарфланди. Регламент масаласи келишиб олинмагани учун биров эътироз билдириб ҳам ўтирмади...

Бу фурсат давомида кимдир хаёл суриб, кимдир эснаб, яна кимнингдир ҳисоботдаги оламшумул рақамлару “Кўриб қўйинглар, биз ишлаяпмиз” қабилидаги иддаолардан энсаси қотиб ўтирди. Қизиқ, наҳотки гап фақат рақамларда бўлса?! Ахир унинг амалий ижроси одамлар ҳаётида яққолроқ сезилиши кўпроқ муҳим эмасми?!

Шундан сўнг кейинги бир соатдан зиёдроқ вақт жонли мулоқот, ўткир саволлар ва “навбатчи” жавоблар, қизғин баҳс-мунозаралар остида кечди.

Анжуман ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмасдан (чунки у ерда кўтарилган муҳим масалалар ва ҳавола қилинган рақамлар хусусида сайтимиз орқали онлайн тарзда хабарлар узатилди), асосий урғуни тадбир мобайнида эътиборимизни тортган айрим жиҳатларга қаратмоқчимиз.

Аввало, анжуман мобайнида шаҳар ҳокимлиги вакилларининг аксарияти журналистларга умумий ишда кўмак берадиган дўст сифатида боқмасликлари соҳа вакилларини жуда ҳам ҳайрон қолдирди. Тўғри, улар имкон қадар хушмуомала кўринишга ҳаракат қилишди. Бироқ ташкилотчиларнинг ҳали журналист саволи тугамасидан “Бўлди, мен сизни тушундим” деганча (кейин маълум бўлдики, савол у тушунганидан кўра жиддийроқ экан) унинг гапини бўлиши, фикрини чалғитиши, мулоҳаза билдириб, таклифини айтаётган блогернинг сўзларини охиригача тингламаслиги ва бунга регламентни дастак қилиши (сиз зерикарли ҳисоботни ўқиб берганда биз жим ўтиргандик-ку) раҳбарлик этикасига нечоғли мос келади?! Агар улар ўзлари таклиф этган ОАВ ходимларига шундай муносабат кўрсатишаётган экан, оддий халқ вакилларига ўта хушмуомалалик билан мурожаат этишига кимдир ишонадими?!

Иккинчи жиҳат эса, маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳали-ҳамон “мудраб ўтирганлиги”, “уйғонолмаётгани” билан боғлиқ. Аксарияти депутатлик мақомининг талаб ва шартлари нима эканини ҳам, халқ билан ҳокимият ўртасида қандай кўприк бўлиши кераклигини ҳам билмайдигандек гўё. Тўғри, депутат Баҳодир Ғаниев ўзининг мантиқий мулоҳазага асосланган чиқиши билан бу тоифадан мустасно эканини исботлади, аммо қолганлар-чи?! Улар қачон “уйғонишади”?!

Шу жиҳатлардан келиб чиқиб мулоҳаза қилганда, айни кунларда пойтахтимизда кечаётган бунёдкорлик юмушлари атрофида юз бераётган турли-туман тушунмовчиликларга биргина журналистлар эмас, ҳокимият вакиллари ҳам бирдек айбдор, дейиш мумкин. Халқона қилиб айтганда, “қарс икки қўлдан чиқяпти”!

Журналистнинг энг биринчи галдаги вазифаси омманинг эътиборини муаммоларга қаратиш, унинг ечимини топишга барчани бирдек чорлашдан иборатдир. Агар ҳокимлик вакили муаммолар ҳақида чиқишлар бўлишини истамас экан, давлатимиз раҳбари қўйган топшириқни виждонан бажариши, керак бўлса, суткасига 20 соат ишлаб бўлса ҳам ўз зиммасига юклатилган масъулиятли ишини тўлақонли адо этиши, шу билан бир қаторда, фаолиятида шаффофлик, очиқлик, бағрикенглик, холисликни таъминлаши керак эмасми?!

Анжуманда журналистлар Миробод туманининг марказий қисмида жойлашган, халқ тилида “Полкушка” деб аталадиган тарихий тураржой биноларининг бузилиши атрофида кечган машмашаларга алоҳида аҳамият қаратишди. Маълумки, бу ҳақда ахборот сайтларида таҳлилий мақолалар эълон қилиниб, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар кучайганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати томонидан ҳудуд тўлиқ бузилмаслиги ва фақат ҳеч қандай тарихий аҳамият касб этмайдиган икки қаватли иморатларгина бузилиши мумкинлиги, бу юмуш ҳам шу ерда истиқомат қилувчиларнинг тўлақонли розилиги асосида амалга оширилиши тўғрисида хабар берилган эди. Аммо кейинчалик 6 февраль санаси билан уйларни бузиш ҳақида қарор қабул қилинган, бу эса оммадан яширилаётган экан. Таассуфки, “Газета.уз” мухбирининг шу ҳақда берган ҳақли саволига мутасаддилар барибир аниқ жавоб қайтаришмади. Биргина Миробод тумани ҳокимининг “Агар сизга керак бўлса(!), қарорни Фейсбукка жойлаб қўямиз”, дейиши шаффофлик, очиқлик тамойилларига қанчалар мос келади-ю (бу қарор биргина шу журналистга керак деб ўйлашади шекилли), шаҳар ҳокимияти ўз ваъдасида “тура олишини” нечоғли исботлайди?! Бу саволларга ҳам жавоб топилади, деган умиддамиз.

Шунча гап-сўздан кейин пойтахтда қилинаётган оламшумул ўзгаришларга фақат журналистларнинг “айби” билангина инвестор келмаётганига ишониш қийин... Тошкент шаҳар ҳокимияти мутасаддилари шу ўринда халқимиз топиб айтган ҳикматга амал қилсалар яхши бўларди: афтинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама!

Ҳасан Тошхўжаев (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер