Ойбулоқдаги «Войиш усули» — боғдорчилик маданиятининг ажралмас қисми

13:35 08 Июль 2025 Жамият
323 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Узумчиликда узоқ йиллик тажрибага эга булоқбошиликлардан нафақат боғдорчилик сир-асрорини, балки ҳаётга меҳр, меҳнатга муҳаббат ва сабр-тоқатни ўргансак арзийди. Булоқбоши туманидаги Мирзакалон Исмоилий номли маҳаллада бунга яна бир бор амин бўлдик.

Омилкорлик

Маҳаллада 405 та хонадон бўлиб, шундан 380 таси узумчиликка ихтисослаштирилган. Суяги меҳнатда қотган аҳоли эрта баҳордан ишга киришади. Ҳар бир токка ўзгача меҳр беради. Зеро, ҳар бир новдада оила учун барака, фарзандлар учун таълимга сармоя, кексалар учун ҳаёт завқи бор!

Бу ерда хонадонлар катта даромад манбаи — томорқанинг ўзидан ўртача 3 тоннагача ҳосил олади. Кўчаларга сўритоклар ўрнатилгач, бу кўрсаткич 4 тоннани ташкил эта бошлади. Масалан, Ойбулоқ кўчасининг икки четида қад ростлаган сўритоклар 4 километргача давом этган. Бу ўтган йили 820 тонна ҳосил йиғиб олиш имконини берди. Шундан 450 тоннаси экспортга йўналтирилди.

— Авваллари томорқанинг ўзидан ҳосил олган бўлсак, энди кўчамиздан ҳам унумли фойдаланмоқдамиз, — дейди шу маҳаллада яшовчи Акромжон Қосимов. — Бу жараёнда банк кредитлари ҳам катта роль ўйнамоқда. Улар томонидан ҳар бир хонадонга уч йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилди. «Ҳусайни», «Андижон қора» навли узум тез ҳосилга киргани боис ҳозирда ҳам кредит учун тўловни амалга оширяпмиз, ҳам даромад оляпмиз. Оиламиз билан 9 сотихдан иборат томорқамизнинг 7,5 сотих қисмига ток экканмиз. Ҳозирдан ҳосилнинг ҳар бир килоси учун 20 минг сўмдан харидорлар бор.

Ҳа, маҳалла аҳли жорий мавсумда ҳам узумчиликдан катта даромад олиш ниятида меҳнат қилди. Самара эса қўл етгулик: ҳосилнинг чўғи баланд. Уларнинг айтишича, бу йил 900 тонна узум йиғиб олиш мумкин.

— Бундан беш йил муқаддам маҳалламизда камбағаллар рўйхатида турувчилар сони 125 нафар эди, — дейди шу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Юсуфбек Акбаров. — Айни пайтда уларнинг сони кескин қисқарган. Аҳолини фаровонлик сари етаклашда узумчилик бўйича тўпланган тажриба қўл келяпти. Маҳалладагилар шу билан кифояланиб қолмаяпти. Улар ҳар қарич ердан унумли фойдаланмоқда. Масалан, ток остига экилган лоладан ҳам мўмайгина даромад келади. Очиқ томорқадан уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилган. Чорвачилик, тикувчилик, асаларичилик билан шуғулланувчилар бор. Ҳар бир оила йил давомида ўртача 100 миллион сўм даромад олмаса, ҳисобмас.

Рости ҳам шу: ерга меҳр берган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Ҳар биримиз ўз ҳудудимизда Ойбулоқ кўчасини яратишимиз мумкин. Бу бизни ҳаётга меҳр, меҳнатга муҳаббат ва қатъий ишонч билан ҳаракат қилишга ундайди. Натижа эса нафақат оилавий бюджет, балки мамлакат иқтисодиётининг юксалишидаги иштирокимизни ҳам таъминлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер