Оила қулупнайдан 200 миллион сўм даромад олади

14:23 07 Ноябрь 2024 Жамият
455 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ишнинг кўзини билган киши уйида туриб ҳам даромад топа олади. Вобкент тумани “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Мухтор Шодиевнинг бунга ишончи комил.

— Туман ҳокимлиги, маҳалламиз масъуллари қўллаб-қувватлаши ортидан томорқада гидропоника усулида қулупнай етиштиришни йўлга қўйдик, — дейди у. — Шу усулда экинни парваришлаш учун 200 миллион сўм маблағ сарфлаб махсус иссиқхона барпо этдик. Бу сарф-харажатимиз бир, нари борса бир ярим йилда ўзини оқлайди.

Ушбу оиланинг Жанубий Корея технологияси асосида барпо этилган иссиқхонаси 5 сотихдан иборат. 10 минг туп қулупнай парвариш қилиняпти. Унинг салмоқли қисми кўчат сифатида сотилади. Қолгани эса рисоладагидек парваришдан сўнг эртанги ҳосил беради. Тадбиркор шу йўсинда ишлаб 200 миллион сўм атрофида даромад олишни чамалаб турибди. Ихчам иссиқхона тўрт-беш кишининг бандлигини ҳам таъминлаган.

Томорқадан оқилона фойдаланиш борасидаги бу тажриба Мухтор Шодиевнинг маҳалладошларини ҳам қизиқтириб қўйди. Шу йилнинг ўтган даврида 12 нафар фуқаро ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида банкдан имтиёзли кредит олиб, ҳовлисида ихчам иссиқхоналар барпо этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер