Оила қўрғони асло дарз кетмасин...

16:04 10 Январь 2022 Жамият
1315 0

Фото: Халқ сўзи

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши, ўзаро можаролар, ажрашишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан ҳисобланмоқда..

Хўш, нима учун бундай ҳолатлар вужудга келяпти? Асл сабаблар нимада? Таҳлилларга кўра, бу муаммони ёшларимизнинг етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, оилавий муносабатларга учинчи шахс ва бошқаларнинг аралашуви ҳамда турмушдаги турли моддий омиллар юзага келтирмоқда.

Фарғона вилоятида 2021 йилда 32 минг 604 та никоҳ қайд этилиб, 100 мингдан ортиқ чақалоққа туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди. Афсуски, айни шу даврда вилоятда расмий никоҳсиз 6 мингдан зиёд фарзанд дунёга келган. Яна ҳам аниқроғи, 2021 йилнинг иккинчи ярмидада ФҲДЁ органлари томонидан фақатгина шаръий никоҳда яшаб келаётган шунча оилалар аниқланган.

Шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан деярли ўзгаришларсиз қолаётганининг асосий сабаби - ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштирмайдилар. Бундан ташқари ажралишаётган оилаларнинг аксарияти судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олишмайди.

2021 йил давомида Фарғона вилоятида ажримга оид 4 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шундан 2 минг 403 таси суд қарори билан ажрашиш ҳолати ҳисобланади.

Ажрашиш сабаблари ўрганилганда эса асосан фарзандсизлик, хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, оилавий келишмовчиликлар, қайнона-қайнота ёки бошқа шахсларнинг икки ёш ҳаётига аралашуви, аксар йигит-қизларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, қайнона ва келин ўртасидаги можаролар орзу-умидлар билан қурилган оилалар дарз кетишига олиб келаётгани маълум бўлди.

Баъзи хонадонларда “Келин фақат хизмат қилиши керак, лозим бўлса, ишлаб топган маошини ҳам қайнона ёки қайнотасига бериши шарт”, деган тушунчалар турли келишмовчиликларга туртки бераётгани ҳам бор гап. Афсуски, Фарғонада бир эркакнинг учинчи ва тўртинчи марта ҳам тўй- томоша қилиб уйланаётган ҳолатлар ҳам учраётганини қандай изоҳлаш мумкин? Бунинг устига ҳар бир оиласидан бир-икки нафар фарзанди борлари ҳам йўқ эмас. Бундай шароитда алимент ва ажрим масалаларида жанжаллар, чигал вазиятлар юзага келиш эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.

Ажримларни камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр-қимматини имкон қадар ошириш зарур. Нега? Чунки никоҳ муқаддас эканлигини унутаётган кимсалар оз эмас. Асосий эътиборни тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратиб, маросимларни биринчи ўринга қўйиш қон-қонимизга сингиб кетаётгандек гўё.

Хўш, қандай қилиб бу муаммоларнинг олдини олиш мумкин? Аввало, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш шарт. Бунинг учун эса, бизнингча, оилавий муносабатларни тўлиқ тушунтирадиган ва эр-хотин хақ-ҳуқуқларини мукаммал англатадиган, диний ва дунёвий билимлар бир тизимга солинган махсус ўқув дастури ишлаб чиқилиши керак. Қонуний никоҳ тузилмасидан аввал мана шу дастурни мажбурий тартибда ёшларга ўқитиш зарур. Шундагина уларда оила ва унинг муқаддаслиги, диний арконлар ва мажбуриятлар ҳақида тўлиқ тушунча ҳосил бўлади. Зотан, оила ва оилавий бахт– бу дабдабаю асъаса эмас, балки муайян билим, ўзаро мажбурият, кенг дунёқараш ҳамда сабр-тоқат туйғуларининг ҳосиласидир.

Улуғбек МАҲМУДОВ,

ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер