Одамлар мутасаддилар фаолиятидан розими?

14:14 15 Сентябр 2021 Жамият
779 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Жонажон Ўзбекистонимиз улкан ўзгаришлар қўршовида. Худди шундай Бешариқ тумани ҳам. Қайси маҳаллага борманг, катта бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўламиз.

Албатта, одамлар розилигига эришиш, бу бугунги кунда барча ташкилот мутасаддиларининг асосий вазифаси.

Хўш, бунга қандай қилиб эришиш мумкин ёхуд халқ ислоҳотлардан, мутасаддилар фаолиятидан розими?

Буни, аввало, уйма-уй юриб, одамлар билан мулоқот қилиб, уларнинг дардини тинглаб, муаммоларини, хоҳиш-истакаларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш орқали уддалашга астойдил ҳаракат қилаётган 2-сектор мисолида кўриб чиқамиз.

Шу ўринда яна бир гап, халқ розилигини таъминлашда давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга татбиқ этилган секторлар ҳам муҳим роль ўйнаяпти. Чунки ҳар бир сектор ўзига бириктирилган маҳалла аҳли билан “маҳаллабай” тизим орқали ишлаяпти, бу борада вазифаси аниқ белгиланган. Бу эса иш самарадорлигида қўл келяпти.

Бешариқ туман прокурори М. Эгамовнинг маълум қилишича, туман ҳудудида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан “маҳаллабай” тизими орқали ишлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ҳал этиш ҳамда бошқа долзарб йўналишлари бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Айниқса, 2-сектори томонидан Президентимизнинг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мунтазам назорат тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Бешариқ тумани прокурори 2-секторида жойлашган “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, “аёллар дафтари”га киритилган Сайёра Мусулмонқулованинг яшаш хонадони яшаш учун яроқсизлиги боис, 2-сектор раҳбари туман прокурори М. Эгамовнинг ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 хонали уй-жойлар қуриб берилди. Бунинг учун 75 млн. сўм маблағ сарфланди. Ҳозирда мазкур хонадонларда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Бешариқ тумани 2-сектордаги “Телов” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 1973 йилда қурилган 25-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2021 йилга қадар давлат дастури доирасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмаганди.

Гапнинг очиғи, таъмирлаш ишлари бошлангунга қадар ушбу муассасада тарбияланувчиларнинг қамров даражаси 125 нафарни ташкил этган.

Ҳозирда сектор раҳбари ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда мазкур муассасада мукаммал қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 3 та асосий ўқув биноларидан 2 таси айни пайтда мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Жорий йилнинг 30 сентябрь кунига қадар муассасада қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш ва фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

— Эътибор беринг, мукаммал таъмирдан сўнг, муассасада тарбияланувчиларнинг қамров даражаси 125 нафардан 175 нафаргача оширилиши режалаштирилган, — дейди туман прокурори М. Эгамов. — Буларнинг барчаси ҳудудимизда ёшларга қаратилаётган эътибор натижасидир. Бу борадаги ишларимиз, албатта, бардавом бўлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бешариқ тумани 2-сектор ҳудудидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Шервуд” масъулияти чекланган жамиятида сектор раҳбари ташаббуси билан “аёллар дафтари”га киритилган 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизни тикувчилик йўналишида иш билан банд қилиш таклифи ишлаб чиқилди.

Бу таклиф инобатга олиниб, бевосита сектор раҳбарининг амалий ёрдами ва кўмаги асосида мазкур корхонада тикувчилик цехи ташкил этилиб, қисқа ўқув курсларини тамомлаган “аёллар дафтари”га киритилган 135 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланди. Натижада шунча оиланинг даромад манбаига эга бўлишига эришилди.

— Секторимиз ҳудудидаги барча фуқаро эътибормизда, — дея сўзида давом этади туман прокурори М. Эгамов. — Аҳоли, айниқса, кам таъминланган оилалар, уларнинг фарзандлари, ёшларга, хотин-қизларга ва нуронийларга ғамхўрлик кўрсатиш, муаммоларини ўзимиз бориб жойда ҳал этишга масъулмиз. Шундан келиб чиқиб, сектор ишини самарали ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Одамларимиз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан миннатдор. Бу, албатта, юртимизнинг, бизнинг ютуғимиз. Лекин ютуқларга маҳлиё бўлиб қолиш ҳам ярамайди. Замон шиддатига мос равишда ўз устимизда ишлашимиз, фақат ва фақат олдинга ҳаракат қилишимиз керак.

Шу ўринда яна бир қувончли жиҳат. Бугун секторнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояси борасидаги ишларида оддий фуқаролар ҳам ҳисса қўшаётгани қувонарли, албатта. Яқинда бир фуқаро “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғининда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага ўз ёрдамини аямади. Ҳаттоки, ўз автомошинасини сотиб, ўша фуқарога ёрдам қўлини чўзди. Буям қаҳрамонликнинг бир кўриниши эмасми?!

Қаранг, бугун фуқароларимиз ҳам хайрли ишларга ҳисса қўшишга интиляпти. Зеро, ҳар биримиз ҳар куни савоб амалларни бажаришимиз керак. Бу ўзбекона миллий урф-одатларимиздан бири, десак, муболаға эмас.

 

“Халқ сўзи”

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер