Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки
Халқимизда шундай анъаналар борки, уларда ватандошларимизнинг бирлиги, аҳиллиги, ҳамжиҳатлилиги яққол намоён бўлади. Йиллар ўтсаки, ўз аҳамиятини, моҳиятини йўқотмай келаётган қадриятларимиздан бири, бу — ҳашардир.
Ҳар йили Наврўз байрами арафасида барча маҳаллаларда умумхалқ хайрия ҳашарлари ташкил этилади, ҳудудлар ободонлаштирилади. Бу йил ҳам худди шундай бўлди.
Кеча мамлакатимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Ҳашар доирасида ҳудудларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва хайрия тадбирлари ташкил қилинди.
“Маҳалла” фонди матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, кеча бўлиб ўтган ҳашарда жами 8 миллион нафардан зиёд юртдошларимиз иштирок этган бўлса, уларнинг 5 миллиондан кўпроғини ёшлар ташкил қилди.
Ҳашарчиларнинг фаоллиги билан республикамиз бўйича 2 миллион тупга яқин манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 11 минг тоннадан зиёд маиший ва саноат чиқиндилари чиқариб ташланди. 9 мингдан зиёд қабристон, 500 дан зиёд зиёратгоҳлар ободонлаштирилди.
Ўз навбатида, ушбу тадбир давомида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 12 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига моддий ёрдам кўрсатилди. 3 минг 100 нафардан ортиқ якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Бунинг учун 4 миллиард сўмдан кўп маблағ сарфланди.
Шу билан бирга, 4 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг