Нуротанинг мудраган адирликларига саноат кирмоқда
Фото: Халқ сўзи
Нурота азал-азалдан чорвадорлар юрти ҳисобланган. Туманга номдош тоғ тизмалари ва Қизилқум оралиғидаги бепоён қиру адирликларда фаолият олиб борган қоракўлчилик хўжаликлари ва уларнинг инфратизими ҳудуд аҳлининг бандлигини таъминлаб келган. Соддароқ айтсак, минг-минг йилларки, нуроталикларнинг қозони чорва ортидан қайнаган.

Муайян сабаблар оқибатида қоракўлчиликнинг инқирозга юз тутиши туман иқтисодиёти ва аҳоли ҳаётида ҳам ўз аксини топиб, қарийб чорак аср мобайнида нуроталиклар анчайин қийинчиликларни бошдан кечиришди.
— Нурота қадимда ўзининг «Гумбаз тарвузи», «Жарманинг майизи», «Центобнинг зираси» каби брендларига эга бўлган, — дейди меҳнат фахрийси Суюн Қулмонов. — Шунингдек, ҳудуд Айдаркўлдек улкан сув ҳавзаси, замини эса ўта ноёб қазилма бойликларига эга бўлиб, улардан фақат мармаргина саноат усулида ўзлаштирилган эди. Бироқ мазкур ресурслардан фойдаланишдаги самара харажатлар билан деярли учма-уч келарди. Албатта, бундай шароитда экспорт борасида сўз юритишнинг ўзи ноўрин.
Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифининг илк манзилларидан бири Нурота бўлиб, ўшанда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди. Шу асосда қарорлар қабул қилиниб, инвестицион дастурлар, «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Уларнинг самараси ўлароқ бепоён кенгликларда интенсив боғлар, Совуқбулоқда гранит, Қизилча ҳудудида базальт конлари, олис қишлоқларда трикотаж маҳсулотлари корхоналари ишга туширилди.
— Туманимизда 2022 йил учун экспортни амалга ошириш режаси 3 миллион 635,4 минг АҚШ доллари, шундан саноат маҳсулотлари 3 миллион 154,1 минг АҚШ доллари, мева-сабзавот маҳсулотлари 481,3 минг АҚШ доллари этиб белгиланган эди, — дейди Нурота тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрам Бўриев. — Январь-декабрь ойларида экспортёр корхоналар томонидан жами 6 миллион 32 минг АҚШ доллари (режага нисбатан 166 фоиз) миқдорида маҳсулотлар ташқи бозорга чиқарилди. Жумладан, тумандаги "Premier textile“ хусусий корхонаси томонидан 2022 йилда 4 миллион 659,2 минг АҚШ долларлик тайёр трикотаж маҳсулотлари Россияга, ”Faridbek Zafarbek" МЧЖ томонидан 138,4 минг долларлик мармар маҳсулотлари Қозоғистон давлатига экспорт қилинди. Ўтган йили туманимиздаги экспортёр корхоналар томонидан 9 та мамлакатга маҳсулот экспорти амалга оширилиб, Руминия, Буюк Британия, Қатар ва Исроил каби давлатларнинг янги бозорлари ўзлаштирилди.
Жорий йилда Нуротада яна бир йирик саноат корхонаси иш бошлайди. Бу туманнинг Қизилча қишлоғи яқинидаги «Пистали» кони билан узвий боғлиқдир.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида металлургия соҳасидаги истиқболли дастурлар ҳақида тўхталаркан, йирик лойиҳалар қаторида 2023 йилда «Пистали» кони негизида олтин рудасини қайта ишлаш мажмуаси қурилиши якунланишини таъкидлади.
«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасидаги қиймати 274,7 миллион долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши келгусида ҳар йили 4 миллион тонна маъданни гравитация-сорбцияли схема асосида қайта ишлаб, ундан ярим тайёр маҳсулот олиш имконини беради.
Бугунги кунда «Пистали» конида тупроқ юза қисмини олиш, олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуаси – 6-гидрометаллургия заводини қуриш, заводга ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, ёрдамчи бинолар барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда коннинг қаттиқ тупроқ қатламида дастлабки портлатиш ишлари амалга оширилди.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳудудларга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишнинг устувор йўналишга айланиши Нурота тумани иқтисодиётида ҳам чинакам локомотив вазифасини ўтамоқда. Бу жараёнда инвестицияларни нафақат анъанавий тармоқлар, балки янги-янги ишланмалар ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш ўз самарасини бермоқда. Зотан, тўғридан-тўғри инвестициялар нафақат замонавий технологиялар, тижорат тажрибалари, балки жаҳон стандартларига мос ва хос рақобатбардош ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўл очади. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли фаровонлигининг манбаидир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг