Нуротадаги 6-гидрометаллургия заводининг биринчи тегирмон блоки ишга туширилди

15:20 09 Июнь 2023 Жамият
981 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири “Пистали” кони негизидаги 6-гидрометаллургия заводи жорий йилнинг энг йирик қурилиш объектларидан ҳисобланади. Мажмуада таркибида олтин мавжуд бўлган маъданларни қазиб олиш ва 6-гидрометаллургия заводида қайта ишлаш жараёнлари амалга оширилади.

Фото: “Халқ сўзи”

Яқинда мазкур заводнинг биринчи тегирмон блоки ишга туширилди.

— Заводнинг технологик ускуналари ва жиҳозлари Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган, — дейди “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ матбуот маркази бошлиғи Абдумажид Жўраев. — Завод тўлиқ қувватда фойдаланишга топширилгач, йилига 4 миллион тонна маъдан қайта ишланади ва мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Фото: “Халқ сўзи”

Таъкидлаш жоизки, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ 1-гидрометаллургия заводи кон бошқармаси раҳбарияти мазкур корхона учун малакали ишчи-кадрларни тайёрлаш ва танлаш ишларини ўтган йилдаёқ бошлаб юборишган эди. Шу мақсадда кон бошқармасида малакали мутахассислардан иборат кадрларни тайёрлаш гуруҳи ташкил этилди.

Фото: “Халқ сўзи”

— Дастлабки босқичда “Пистали” кони ва кон автогаражига ишга қабул қилинганларни мутахассислиги бўйича касбга ва турдош касбларга тайёрлаш тизими яратилди, — дейди «1-ГМЗ” кон бошқармаси директорининг кадрлар ва маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Алишер Мирзаев. — Кон ишчиси, геологик ишларда кон ишчиси, кимёвий таҳлил лаборанти, намуна сараловчи, компрессор қурилмалари машинисти каби касблар бўйича бўлажак ишчи-ходимлар гуруҳ шаклида ўқитилиб, улар назарий машғулотларни “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Ўқув марказида, амалиётни эса “Аристантов” карьери, “Қорақўтон” кони, шунингдек мутахассисликларига мос тарзда «1-ГМЗ” кон бошқармаси гидрометаллургия маҳсулотларини бойитиш, техник назорат бўлимлари, заводнинг технологик лабораториясида ўтадилар. Ўқув машғулотлари якунида, бўлажак мутахассислар тест синовларидан ўтиб, “НКМК” АЖнинг малакавий гувоҳномасига эга бўлдилар.

Фото: “Халқ сўзи”

“Пистали” кони ва янги завод учун барча турдаги ишчи-ходимларни тайёрлаш ҳақида сўз бораркан, мамлакатимизда устувор тутилган ижтимоий адолат ва инсон қадри учун тамойилларига қатъий амал қилинган ҳолда иш олиб борилмоқда. Хусусан, янги кон ва корхонага ишга қабул қилишда Нурота тумани ҳокимлигининг тавсиясига мувофиқ “Темирқовуқ”, “Қизилча”, “Тинчлик” МФЙларида истиқомат қилаётган, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар мономарказда бир қатор касбларга ўқитилиб, бандлиги таъминланмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер