Нурота каштачилиги фарангларни ҳайратга солмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Ҳунармандчилик саноат ишлаб чиқариши йўлга қўйилгунига қадар инсоннинг яратувчанлик салоҳиятини юзага чиқарган, шу орқали рўзғор тебратиш имконини берган ва бутун дунёда кенг тарқалган меҳнат тури. Айрим мамлакатлар ва алоҳида ҳудудларда ҳунармандчилик ҳозир ҳам аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида ўрин тутиб, соҳа маҳсулотлари уста ҳунармандларнинг қўл меҳнати орқали санъат асари даражасига етказилмоқда. Шу боис мамлакатимизда ҳам ҳунармандчилик равнақига туризм индустриясининг жозибадорлигини таъминловчи восита сифатида эътибор қаратилиб, ҳунармандлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил ҳаётга татбиқ этилаётир.
Шу жиҳатдан Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлиги ва сифатини ошириш, аҳолини ушбу соҳага кенг жалб этиш орқали бандликни таъминлаш, сайёҳлар учун жозибадор бўлган ҳунармандчилик объектларини ташкил этиш, маҳсулотларни экспорт қилишни рағбатлантириш, ёшларни меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ҳунармандларнинг «Уста-шогирд» мактабларини такомиллаштириш йўлида кенг имкониятларни тақдим этди.
— Мазкур қарорга қадар вилоятимизда бор-йўғи 406 нафар ҳунарманд расман фаолият юритган бўлса, бугун улар 11 минг 658 нафарни ташкил этади, — дейди Навоий вилояти «Ҳунарманд» уюшмаси раҳбари Жамшид Жумаев. – Бу 29 баробарга ўсиш демакдир. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятимизда 1 минг 176 нафар ҳунарманд рўйхатга олинди ва, эътиборлиси, уларнинг 754 нафарини аёллар ташкил қилади.
Вилоятда ҳунармандчиликнинг ҳудудий ихтисослашуви мавжуд. Мисол учун, Қизилтепада зардўзлик, Карманада дурадгорлик ва кулоллик, Ғозғонда сангтарошлик ҳунари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Қадриятлар боқий Нуротада эса каштачилик миллий ҳунармандчиликка эътибор, рағбат ҳар қачонгидан ошган айни замонамизда улкан маънавий мерос сифатида турли тадқиқотлар манбаига ҳам айланди.

— Ҳар бир каштачилик намунаси ўз даврининг кайфиятини ифодалайди, — дейди Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Мусаллам Ибрагимова. — Бунда ҳар бир намуна алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, маълум бир йўналишлар, яъни турли нақшлар, новда, барг, гуллар сингари унсурлар бу ерда халқнинг орзу-ҳавас, турмуш тутумини ифода этган.

Нурота каштачилик мактаби хом-ашёга дастлабки ишлов беришдан тортиб, якунида тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олиши билан ажралиб туради. Шунингдек, ушбу санъат мазкур туманда қадим-қадимдан аёлларнинг бандлигини таъминлашдек ижтимоий аҳамият ҳам касб этиб, унинг сиру синоати бувидан набира қизга, қайнонадан келинга ўтиб келган. Бугун эса санъатсевар ёшлар аллақачон эстафетани қўлга олишиб, Нурота каштачилик мактабининг анъанавий йўналишларини Бухоро, Қашқадарё ва ҳатто Тожикистон каштачилик мактаблари композиция ва нақш унсурлари билан бойитишмоқда. Нуроталик чеварлар маҳсулотларининг Франция, Япония ва яна бир қатор мамлакатлардаги халқаро кўргазмаларда диққатга сазоворлигининг боиси ҳам шундадир балки.
— Нурота каштачилиги бу ернинг гўзал табиатини, маҳаллий аҳолининг кайфиятини ифода этишини кўрдим, – дейди Франциялик сайёҳ Паскал Махтинелли. — Тўғри, такрорликлар кўп. Бироқ бунда аҳолининг маросимларга, ўз ҳаётининг унутилмас даврига эътиборини назарда тутсак, бу камчилик ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Санъат ва маросимлар қадим боғлиқлиги мана шу заминда сақланиб қолинганлиги дунёда камдан-кам учрайдиган воқеликдир. Албатта, бу жуда катта тадқиқот манбаи. Чуқурроқ тадқиқ этилса, Нурота каштачилиги санъат тарихи билан боғлиқ жуда катта кашфиётларга манба бўлади.
Нуротада каштачилик бугун тадбиркорликнинг бир тури бўлиб, туман марказида минг нафардан зиёд қиз-жувон у билан машғул. Чекка қишлоқ қизларини мазкур санъат синоатларидан воқиф этиш, шу орқали ижтимоий бандлигини таъминлаш мақсадида ўқув курслари ҳам ташкил этилган. Уларда қиз-жувонлар Нурота каштачилиги билан бирга харидоргир Бухоро зардўзлигини ҳам ўрганиб, ўз маҳсулотларини кун сайин хорижий сайёҳлар ташрифи ортиб бораётган Чашма мажмуаси кўргазмаларида тақдим этмоқдалар.
Навоий вилоятида жорий йилда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 39 миллиард 760 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилиб, яна мингта лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланмоқда.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг