Нуронийлар ардоқланган юрт
Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган юртимиздаги бугунги бунёдкорлик, ўзгариш ва ташаббусларнинг барчаси одамларнинг ҳаётидан мамнун, жамиятдан рози бўлиб яшашига қаратилган. Шундай экан, эзгу ишлардан, халқимизни бирлаштириб турган муштарак мақсадлар сари интилишдан ҳеч ким четда қолмаслиги керак.
Ёши улуғларни эъзозлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш халқимизга хос фазилатлардан саналади. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушида оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш доимий эътиборда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан юртимизнинг турли гўшаларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, улар билан дилдан суҳбатлашилмоқда. Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовнинг Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари чоғида Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи 96 ёшли Иван Галенко хонадонига қилинган ташриф ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг биридир.
Кутилмаган ташриф учун ўз миннадорлигини изҳор этар экан, Иван Федотович Федерация жамоасининг маъсулиятли ишларига муваффақият тилади. Ушбу хонадонга қиш мавсуми учун кўмир, газ балон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Бугунги дориламон, осойишта кунларга етишишнинг ўзи бўлмаган. Бунда хоразмлик Жаббор ота Қаландаров каби минглаб мард ва жасур юртдошларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Шу куни Федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ва федерациянинг Хоразм вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбарияти Жаббор ота хонадонида бўлишди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси билан дилдан суҳбат қурилиб, бугунги рўй бераётган ўзгаришлар ҳақидаги сўз юритилди. Нуроний отахонимизнинг саломатлиги, ҳол-аҳволини ўрганилди.
Суҳбат сўнггида Жаббор ота Қаландаров қўлларини дуога очар экан, юрт тинчилиги, фаровонлигини тилаб, бу неъматлар қадрини яна бир бор ёдга солиб ўтди.
Федерация раиси Ж.Саримсоқов Бухоро вилоятига амалга оширган хизмат сафари давомида Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аҳмаджон ота Муҳсинов хонадонида ҳам бўлди. Федерациянинг Бухоро вилоят ҳудудий бирлашмаси раҳбарияти, фаол ёшлари иштирокида кечган суҳбат чоғида Аҳмаджон ота инсоният бошига мусибатлар келтирган машъум уруш, ўша оғир кунларни енгиб ўтган ота-боболаримизнинг метин иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди.
Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш бугунги авлоднинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади.
Шунингдек, Федерация раиси Ж.Саримсоқов Қашқадарё вилоятига амалга оширган хизмат сафари давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ислом ота Маматқулов хонадонида бўлди. Муаммолари ўрганилиб, ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Нуронийлар, дуогўйлар эъзозланган юртни хайру барака асло тарк этмайди.
Матбуот хизмати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг