“Нурли маскан” ўқувчиларининг орзулари ушалди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги Бухоро шаҳридаги 24-“Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси ва ўқувчилари ёдида бир умр қоладиган бўлди. Байрам арафасида кўзи ожиз ўғил-қизлар таҳсил оладиган билим масканининг яқинда қуриб битказилган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

— Асосий қонунимизда ногиронлиги бор бўлган фуқароларнинг ҳам бошқалар билан тенг тарзда ўқишлари, ўз салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратилиши кафолатлаб қўйилган, — дейди мактаб-интернат директори Мадамин Аслонов. — Билим масканимизда ўғил-қизларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш учун давлатимиз томонидан бажарилаётган ишлар шу қонуннинг амалдаги ифодасидир. 13 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо қилинган 324 ўринли ўқув биноси, 200 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона жамоамиз учун байрам туҳфаси бўлди.

Мактаб-интернат шу пайтга қадар фаолият юритган бино 160 ўқувчи ўрнига мўлжалланган, ётоқхона эса 100 ўринли эди. Бу эса турkи туманлардан келиб таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам ноқулайликлар туғдираётганди. Эндиликда бу масала кун тартибидан тушди. Билим даргоҳи моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани эса ўғил-қизлар иқтидорини юзага чиқаришда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, Швециядан 160 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига брайл ёзувли принтер харид қилинди. Республикамизда саноқли саналган бу ускуна воситасида ўқув қўлланмалари, зарур адабиётлар, шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ижод намуналарини брайл ёзувида чоп этиш имконияти яратилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг