Нукуснинг бугунги жамолига кўз тўймайди

19:48 12 Июнь 2023 Жамият
966 0

Фото: “Халқ сўзи”

Нукус шаҳрига жануб томондан кираверишда қурилган янги кўприк автомобиль ҳаракатини тартибга солиш, тирбандликларни бартараф этиш билан бирга шаҳарнинг рамзий дарвозасига айланган. Замонавий инфратузилма асосида барпо этилган ушбу кўприк ғарбу шарқни бир-бирига боғловчи “Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнов” халқаро автомагистралининг 652 километрида жойлашган.

Бунинг қарангки, шу кўприк устидан кўп бора автотранспортда ўтарканмизу, устида туриб атрофга разм солиб кўрмаган эканман. Бугун таҳририятимиз фотомухбири Ҳасан Пойдоев билан бирга кўприк устига чиқдим. Атрофга қараб, болалигимизда севиб томоша қиладиган мультфильмдаги “ ... нақадар чиройли, айниқса юқоридан қараганда” ибораси беихтиёр ёдимга келди.

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Кўприкка туташ халқа йўллар орасидаги майдонларда яшил қопламалар барпо этилган. Айниқса, ноанъанавий усулда экилган дарахт кўчатлари ҳамроҳимни эътиборини тортди. Гап шундаги, ўтган йили Нукус атрофидаги мана шу каби катта йўл бўйларига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида игнабаргли дарахт кўчатлари экилган эди. Эътиборлиси, ушбу кўчатлар юқоридан қараганда қорақалпоқ халқининг тарихи ва миллий нақшлари шаклида экилган бўлиб, “Қора уй” (ўтов), қорақалпоқ миллий нақшлари ва пальма дарахти кўринишларини акс эттиради. Бугунги кунда яшилликка бурканиб ўсаётган ушбу кўчатлар ўзига хос чирой бериб, шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборини тортмоқда...

Кўприкдаги пиёдалар учун ажратилган махсус жойда туриб автомашиналарни кузатарканмиз, янги ўрилган буғдой ҳосили ортилган катта юк машинаси шаҳарга кириб келаётганига кўзимиз тушди.

—Халқимизнинг, ризқ-насибасида, — деди ҳамроҳим. Ҳа, Нукусга барака кираётгани рост бўлсин. Ҳамроҳим билан буғдой тўла машинани баракага, унинг ортидан қурилиш материаллари ортилган машинани янги бунёдкорлик иншоотларига тамал тоши қўйилишига ишора, дея Нукус шаҳрига кирдик.

Нафақат Қорақалпоғистоннинг балки, Ўзбекистоннинг энг асосий маданият муассасаларидан бири бўлган, “Саҳродаги Лувр” номи билан машҳур бўлган музей ҳам Нукус шаҳрида жойлашган. И.В. Савиский номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи 1966 йилда ташкил топган ва 1984 йилдан Савиский номи билан аталади.

Музей ёнида 2018 йилда баландлиги 55 метр келадиган, ёнма-ён жойлашган флагштоклар ўрнатилиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат байроқлари ҳилпирай бошлаган эди. Маълумотларга кўра мазкур байроқлар ўлчами 12 метрга 24 метрни ташкил қилади.

Нукус шаҳар марказида 2017 йил қурилиб фойдаланишга топширилган Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг ташқи кўриниши ўзига хос янгича қиёфада таъмирланибди. Мактаб олдида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳайкали ўрнатилган. Шоир номига ана шундай таълим ва ижод масканининг ташкил этилиши улуғ шоир хотирасига, у орқали қорақалпоқ адабиёти ва халқига алоҳида эҳтиромни намоён этади. Ибройим Юсупов ҳақиқатан ҳам халқимизнинг юксак эҳтиромига сазовор бўлган шоир, жамоат арбоби эди. Ушбу улуғ инсон ҳақида туркий халқларнинг энг улуғ ижодкорлари қуйидаги фикрларини билдиришган.

Фото: Ҳасан Пайдоев, «Халқ сўзи»

Қирғизистоннинг буюк адиби Чингиз Айтматов Ибройим Юсуповнинг ижодини шундай баҳолаган эди: “Мен қорақалпоқ халқини ва унинг буюк ўғлони Ибройим Юсуповни севаман. Шеърият жуда мураккаб нарса. Уни қайси тильда ёзилган бўлса, ўша тильда ҳис этиш керак. Мен Ибройим Юсупов шеърларининг таржималарини ўқийман. Бу инсоннинг шеърлари ҳатто таржимада ҳам ҳайратга солади ва завқлантиради. Афсуски, уларни аслиятда ўқий олмайман...Агар Ибройим Юсупов ўз омадини насрда синаб кўрса, бу инсон нималарга қодирлигини Тангригина билган бўларди. Агар қачонлардир у бунга азм қилса, буюк даҳолар Эрнест Хемингуэй ва Робиндранат Тагор каби юксакларга парвоз қила оларди”.

Бошқа атоқли адиблар ҳам Ибройим Юсуповнинг ижодини жуда юқори баҳолашган. Доғистонлик машҳур Расул Ҳамзатов уни “қалбларни даволовчи шоир”, Қайсин Қулиев “Навоий ва Маҳтумқули билан бир қаторда турк тилли халқлар шеъриятининг башоратчиси” сифатида эътироф этган.

Нукус шаҳрини кезар эканмиз, яқин йилларда янгидан барпо қилинган 16 қаватли замонавий тураржойлар, янги иморатлар бўй тиклаганини кўрдик. Одамлар юз-кўзида ҳам юқори кайфиятни илғадик. Бир сўз билан айтганда, кўз ўнгимизда Нукус жамолига боқиб кўз тўймайди. У кун сайин очилиб бормоқда.

Ғ.Отажонов,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер