Нукусда кислород станцияси очилди
Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси «Эзгу амал» жамоат хайрия фонди ташаббуси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Ўзбекистон билан бирдамлик» лойиҳаси доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида умумий баҳоси 55 162 АҚШ долларлик янги кислород станцияси ишга туширилди.
- Олдинлари филиалга кислород баллонлари бошқа жойлардан олиб келинар ва бу бир қанча маблағ ва вақтни талаб қилар эди, - дейди филиал директори Саламат Бегалиев. - Эндиликда, филиал кислород билан узликсиз таъминланади. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда кислород таъминотининг узилиб қолмаслигини кафолатлайди. Сабаби, махсус баллонлар автомат тарзда филиалнинг ўзида кислород билан таъминланади.
Кислород станциясининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан бу каби лойиҳалар асосида Оролбўйи аҳолиси саломатлигини сақлаш борасидаги эзгу ишлар алоҳида эътироф қилинди. Шунингдек, ушбу кислород станциясининг мазкур филиалда очилишининг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб, лойиҳа ижрочиларига миннатдорлик билдирилди.
Маълумот учун «Ўзбекистон билан бирдамлик» лойиҳаси фаоллари Мариника Бабаназарова ва Шерзод Кенжебаевлар томонидан кислород станцияси учун Ўзбекистон ва чет элдаги юртдошларимиздан хайрия маблағлари йиғилган. Мазкур кислород станциясини ўрнатиш ва қурилиш реконструкция ишларини амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан 309 миллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган.
Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг