Нукусда энг улуғ, энг азиз айём шукуҳи

17:32 30 Август 2024 Жамият
372 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Нукус шаҳридаги марказий Амфитеатрда мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» бош ғояси остида байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, халқимизни энг улуғ, энг азиз айём — юртимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами билан табриклади.

Таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча ҳудудлар қаторида Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги икки йилнинг ўзида Қорақалпоғистон учун аҳамиятли кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратишга мустаҳкам асос белгилаб берилди.

Шунинг билан бирга, кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиб, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, кўплаб ижтимоий объектлар ишга туширилди.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан мулоқоти бу йил Қорақалпоғистонда ўтказилиши ҳам янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб берди. Бу ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида меҳр-эътиборининг яна бир кўриниши бўлди.

Тантанали байрам тадбири концерт дастури билан давом этди. Дастурдан ўрин олган санъат усталари ва ёш иқтидор эгалари ижросидаги Ватан, дўстлик, тинчлик ва тотувлик, ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер