“Ноёб ҳодиса” — Камчаткада 1952 йилдан бери энг кучли зилзила юз берди. Биринчи цунами тўлқинлари Россия ҳудудларига бостириб кирди
Камчаткада кучли зилзила юз берди. Дастлаб 7,5 баллни ташкил этган бўлса, кейинчалик у 8,7 баллга етди. Бу ҳудуда 1952 йилдан бери қайд этилган энг кучли зилзила бўлди. Россия Фанлар академияси Ягона геофизика хизмати Камчатка филиали директори Данила Чебровнинг айтишича, ҳодисани ноёб деб таснифлаш мумкин.
Мутахассисларнинг дастлабки маълумотларига кўра, Петропавловск-Камчатскийдаги ер силкинишларининг интенсивлиги камида VI баллни ташкил этган. Мутахассислар кучли зилзила жараёнининг ривожланиши ҳақида огоҳлантирмоқда, бу камида яна бир ой давомида сезилади.
«Камчатка сейсмик фокал зонасида 1952 йилдан бери энг кучли зилзила содир бўлди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унинг магнитудаси 8,7 баллга этади. Бу, албатта, ноёб ҳодиса», — дейилади Россия Фанлар академиясининг Геофизика хизматининг Камчатка филиали хабарида.
Сахалин вилояти губернатори Валерий Лимаренко Северо-Курилскда ҳам 7,9 магнитудали зилзила содир бўлганини маълум қилди.
«Ҳозирда аҳоли эвакуация қилинмоқда. Фавқулодда вазиятлар хизмати тўлиқ қувват билан ишламоқда», — деди вилоят раҳбари. Шунингдек, у вазият назорат остида эканини қўшимча қилди.
Россияда биринчи цунами тўлқинлари
Камчатканинг Елизовский туманида тўрт метрли цунами тўлқини кузатилди. Кейинчалик барча Курил оролларида цунами хавфи эълон қилингани маълум бўлди.
Биринчи цунами тўлқини Северо-Курилск қирғоқ зонасига ҳам тегди. Сахалин вилояти губернатори Валерий Лимаренконинг айтишича, аҳоли баландроқ жойларда хавфсиз.
Россиянинг Северо-Курилск шаҳридаги «Алаид» балиқни қайта ишлаш заводи шаҳарда цунами сиренаси янграган пайтда сув остида чўкишни бошлади. Одамлар зудлик билан заводдан эвакуация қилинди. Эндиликда завод ходимлари тўлқинлар биноларни қоплаганини узоқдан кузатмоқда. Қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Япония ва АҚШда цунами хавфи эълон қилинди
АҚШнинг энг йирик штати Аляска Камчатка соҳилида содир бўлган ва 7,5 баллга баҳоланган зилзиладан кейин цунами хавфини эълон қилди. АҚШ Миллий океан ва атмосфера маъмурияти маълумотларига кўра, АҚШ штатига цунами таҳдиди ҳақидаги эълон Москва вақти билан 02:35 да эълон қилинган.
Шунингдек, АҚШнинг Гавайи штати пойтахти Гонолулу жойлашган Оаху ороли ҳукумати Камчаткадаги кучли зилзиладан кейин цунами хавфи туфайли аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга чақирди.
Оаху оролидаги фавқулодда хизматлар вайронкор цунами тўлқинлари кутилаётганини маълум қилди.
Камчаткадаги кучли зилзиладан сўнг Япония қирғоқлари томон ҳаракатланаётган цунами хавфи фонида Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари Тинч океани устидаги вазиятни кузатиш учун қирувчи самолётлар, шунингдек, патруль самолётлари ва вертолётларини ишга туширди. Таъкидланишича, ҳарбий авиация цунами ҳақида тезкор маълумот тўплаш бўйича операцияларда иштирок этмоқда.
Жабрланганлар ҳам бор
Камчаткада содир бўлган зилзиладан сўнг бир неча киши жабрланган. Аммо аҳолиси орасида жиддий жароҳатлар йўқ.
«Югуриш пайтида жароҳат олганлар бор. Деразадан сакраб тушган бемор бор... Барча беморларнинг аҳволи қониқарли. Ҳозирда жиддий жароҳатлар қайд этилмаган”, — деди Камчатка ўлкаси соғлиқни сақлаш вазири Олег Мелников.
Шунингдек, Камчаткадаги зилзиладан кейин эпилептик тутқаноқлар сони ортган. «Амур Маш» нашри хабарига кўра, аҳоли уйларидаги ёриқлар туфайли ваҳимага тушмоқда. Петропавловск-Камчатскийдаги зилзила пайтида квартираларда шкафлар, кўрпа-тўшаклар ва жиҳозлар қулаб тушди.
Камчаткадаги болалар боғчаларидан бирида зилзиладан кейин девор қулаб тушди. Бу пайтда бинода ҳеч ким бўлмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Шунингдек, Камчатка аэропортида шифт қулаб тушгани, йўловчилар эвакуация қилингани хабар қилинган. Мутахассислар таъмирлашни бошладилар. Плиталардан бири йўловчининг устига тушган. Дастлабки маълумотларга кўра, у жиддий жароҳат олмаган.
Камчатка давлат ҳудудий муассасаларида иш вақти қисқартирилди. Бундай қарорни Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов қабул қилди. Унинг топшириғига кўра вилоятда ҳудудий штаб ташкил этилди.
«Штаб мутахассислари аҳолига хавфсизликни таъминлаш ва ёрдам кўрсатиш учун масъул бўлган барча хизматлар ва ташкилотларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради», — Камчатка ўлкаси маъмурияти матбуот хизмати.
Петропавловск-Камчатскийда узоқ тирбандликлар юзага келган, аҳоли оммавий равишда шаҳарни тарк эта бошлаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг