Ноннинг увоғи ҳам нон

17:35 05 Август 2025 Жамият
506 0

  — Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” асарини ўқидим,— деб қолди яқинда ғиждувонлик 80 ёшли отахон Ҳаким Ражабов.— Унда юракни “жиз” эттирадиган лавҳалар кўп. Лекин китобдаги бир ҳолат тафсилотини айтмасам кўнглим жойига тушмайди.

  Бир умр мактабда ёшларга сабоқ берган бу кекса адабиёт муаллимининг суҳбатидан ҳамиша “нимадир” оласан, киши. Гаплари маъноли. Мағзи бутун.

  —Биласиз, Зарифа опа буюк ёзувчимиз Муса Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг рафиқаси бўлади,— давом этди Ҳаким ота.— Асарда ёзилишича, адиб кунларнинг бирида ижод қилаётиб, “Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим”, дейди. Уй бекаси мушкул аҳволга тушади. Чунки уйда егани бир бурда нон ҳам йўқ эди. Шунда Зарифа опа ҳужрадаги халталарни титкилаб бир ҳовуч йирик кепак топади. Шакар қўшиб қовиради-да, уни дастурхонга тортади. Номи нималиги номаълум бу таомдан Ойбек бир чимдим еб, рафиқасига “Сен ҳам ол”, дейди. Аммо очиққанига қарамай, Зарифа опа таомга қўл чўзмайди. Уни эрталабга, болаларнинг ейиши учун қолдиришади. Нон, фаровон ҳаёт қадру қиммати ҳақида бундан ортиқ маъноли, сермазмун, маҳзун ҳикоя бўлиши мумкинми?!

Дарҳақиқат, уруш бораётган, қаҳатчилик авжига чиққан даврдаги бу кичик воқеа тагида жуда катта маъно бор. Ахир, ўша машъум очарчилик йилларида айрим одамларнинг иложсизликдан кунжара еб вафот этгани ҳам айни ҳақиқат.

—-Шукр, тинч, фаровон замонда яшаяпмиз,— дейди яна бир суҳбатдошимиз, ромитанлик меҳнат фахрийси Зуҳра Қурбонова.— Бозорларимиз тўкин. Пештахталардаги ширмой нону патирларни айтмайсизми? Аммо бу азиз неъматнинг қадрига етишимиз керак.

Нон қадри ҳақида тўхталишимиз бежиз эмас. Афсуски, юртимиз тўй- маъракаларида озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, нонни исроф қилиш давом этяпти. Ушатилгану аммо қўл ҳам урилмаган, орадан бир-икки соат ўтиб суви қочган нон бурдалари қопга солиниб, чорва молларига берилаётган ҳоллар учрамоқда. Йирик шаҳарлардаги ахлат тўплаш майдончаларининг айримларидаги манзара эса янада ачинарли. Уларда қотган ва ҳатто моғорлаган бус-бутун нонларни кўриб, “дод” дегинг келади. Очарчилик, қаҳатчилик йилларини бошдан кечирган Ойбегу Абдулла Қаҳҳорлар бу ҳолни кўришганида нима дейишган бўларди, дея аччиқ ўйга толасан киши.

Таажжубки, орамизда “Эҳтиёждан ортиб қолган нон нест-нобуд бўлаётгани йўқ. Уни қорамолларга беришяпти”, дея эътироз билдираётганлар ҳам учраяпти. Наҳотки, улар нон бани инсон учун яратилган энг бебаҳо неъмат эканини англашмайди?! У бежизга шоҳ неъмат саналмайди. Дастурхон тўридан жой олгунга қадар унга қанчадан-қанча кишининг меҳнати сингади. Минг бир машаққат билан етиштирилган ғалланинг унга, кейин эса нонга айланиши учун жуда катта куч, энергия, маблағ сарфланган, ахир. Қолаверса, дунёнинг қай бир чеккасида, дейлик, Ғазода юзлаб одамлар, бегуноҳ болаларнинг бир бурда нонга зорлиги, очликдан нобуд бўлаётгани аччиқ бир сабоқ эмасми?!

—Кўп нарса оиладаги муҳитга, тарбияга боғлиқ,— дейди З. Қурбонова.—Агар ҳар бир ота-она фарзандлари онгу шуурига ноннинг увоғи ҳам нон эканини сингдирса, бу борада ўзи болаларига ўрнак кўрсатса айни муддао бўларди. Ўз навбатида муаллимлар, кутубхоначилар уларда Зарифа Саидносированинг асарига ўхшаш нон, тинчлик, тўкинчилик қадру қимматини англатувчи китобларни ўқишга рағбат уйғотса биз юқорида тилга олган нохуш ҳоллар барҳам топади, албатта.

Бинобарин, ноннинг қадрига етиш, унинг бир бурдасини ҳам исроф қилмаслик азал-азалдан халқимиз қадриятларининг ажралмас бир бўлагига айланган. Бу қадриятга путур етказмаслик барчамизнинг бурчимиз эканини унутмайлик!

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер