«Ниқоб таққан табиат»

18:50 20 Февраль 2025 Жамият
315 0

Ҳозирда бепарволик натижасида табиатга етказилаётган зарар миқдори ортиб бормоқда. Сараланмаган чиқиндилар, завод ва фабрикалардан чиқадиган заҳарли моддалар, қурилиш сонининг кескин ошиб бориши... Ҳавода бирор соғлигимизга салбий таъсир ўтказадиган бирор модда бўлса ҳимояланиш мақсадида ниқоб тақиб олишимиз аниқ. Лекин бугун табиат инсонларнинг қилаётган нотўғри муносабатларини кўриб, ниқобини таққан бўлса, не ажаб...

Ривожланаётган даврда яшаётган эканмиз, ўзгаришлар бўлиши табиий ва шу ўзгаришлар орқали биз экологиямизни аста-секинлик билан йўқотмоқдамиз. Бунинг асосий сабабларидан бири инсониятдир. Ўз қўли билан эккан, парваришлаган яшилликни бугун ё осмонўпар биноларга алмаштирмоқда.

Дарҳақиқат, инсоннинг табиатга таъсири бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлиб бормоқда. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, табиий ресурсларнинг камайиши ва иқлим ўзгариши глобал экологик муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳозирги замонда саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг кўпайиши ҳам табиатга катта зарар етказмоқда. Завод ва фабрикалардан чиқаётган зарарли газлар эса атмосфера ҳавосини ифлослантиряпти, шунингдек, транспорт воситаларидан чиққан карбонат ангидрид ва бошқа зарарли моддалар глобал исишга олиб келмоқда. Ўрмонлар эса инсон қўли билан ҳеч ўйланмасдан вайрон қилинмоқда. Шуни унутмаслигимиз лозимки, яшиллигимиз бўлмаса, кислород ишлаб чиқариш камаяди ва бу иқлим ўзгаришини тезлаштиради. Бу жуда аянчли ҳолат, десак муболаға эмас.

Табиатни асраш инсоният келажаги учун жуда муҳимдир. Агар биз экологик муаммоларни эътиборсиз қолдирсак, бу ер юзидаги ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатади. Статистик маълумотларга кўра, 2023 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда 7 ўринни эгаллади. 2024 йил 22 октябрда эса пойтахтимиз дунёнинг энг ифлос ҳавога эга шаҳарлар рейтингида ўнталикка кирди. Ҳаводаги зарарли ПМ2.5 зарраларининг ўртача миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг меъёрларидан 8,6 баравар юқори экани қайд этилганди. Агар экологияга муносабатимиз ўзгармаса йилдан йилга бу кўрсаткич ошаверади. Хусусан, экологик офатлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва сув танқислиги каби муаммолар янада кескинлашади.

Ҳар бир инсон табиатни ҳимоя қилишга ҳисса қўшиши мумкин. Бу ерда кичик ҳаракатларнинг ўзи ҳам катта ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Масалан, чиқиндиларни қайта ишлашга эътибор бериш, пластик, қоғоз ва шиша каби материалларни алоҳида ажратиб, қайта ишлаш, электр қурилмаларини ўчириб қўйиш ёки сувни кераксиз сарфламаслик, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва, албатта, экологик таълим ва тарғиботни кучайтириш, мактаблар, жамоатчилик орасида экология мавзусида тарғибот ишларини олиб бориш шулар жумласидан. Ана шундагина ёш авлод табиатни севишни ва уни кўз қорачиғидай асрашни ўрганади.

Ҳа, экологияни, табиатни, ўз соғлигимизни асраш фақат давлат ташкилотлари ёки экологларнинг эмас, ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлмоғи жоиз. Кичик қадамлар билан бошланган ҳаракат катта натижалар келтиришига шубҳа йўқ. Зеро, биз бугундан экологик масалаларга эътибор қаратсак, табиатни ҳимоя қилсак, келажак авлод учун тоза ва барқарор муҳит яратиб берган бўламиз.

Жасмина БАХТИЁРОВА,

Огаҳий ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер