Нега янги техник регламентга эҳтиёж сезилмоқда?
Кеча Саноат хавфсизлиги маркази қошида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишчилар малакасини оширишга мўлжалланган янги ўқув маркази очилди.
Ўқув марказининг фаолияти амалиётга замонавий ҳимояланиш воситаларини кенг жорий этиш, масъул шахсларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хориж тажрибаси билан яқиндан таништириш, шунингдек, якка тартибда ҳимояланиш воситаларининг қўлланилиши самарадорлигини ошириш ҳисобига ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган. Бинобарин, маълумотларга қараганда, охирги уч йилда ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисалар сони 1 214 тани ташкил этган бўлса, шундан 241 тасининг оқибати ўлим билан тугаган.
— Ўқув марказининг фаолияти ишлаб чиқаришдаги ходимлар учун меҳнатнинг хавфсиз шароитларини яратишга йўналтирилади, — дейди Саноат хавфсизлиги маркази директори Алишер Тиллаев. — Бу борада марказга хорижий ҳамкорлар яқиндан ёрдам беради.
Айтиш жоизки, якка тартибда ҳимояланиш воситалари йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Эскирган нормалар ва ҳимояланиш воситаларидан фойдаланиш эса инсонлар ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўяди. Шунинг учун бугунги кунда якка тартибда ҳимояланиш воситаларини эксплуатация қилишнинг янги техник регламенти устида иш олиб борилмоқда. Унда аввал ҳисобга олинмаган хатарлар ҳам қамраб олинади.
Ўқув маркази очилишида АҚШ, Бельгия, Россия каби хорижий давлатларнинг якка тартибда ҳимояланиш воситалари ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи компаниялари ҳам иштирок этиб, инновацион ҳимоя воситаларини намойиш этдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг