Нега пойтахтдаги ўн минг сўмлик китоб вилоятларга уч-тўрт баробар қимматга етиб бормоқда?
Бугун юртимизнинг барча гўшаларида дунёнинг машҳур китоб хазиналари билан беллаша оладиган кутубхоналар, янгидан-янги китоб дўконлари фойдаланишга топширилаётгани маънавий оламимизда беқиёс янгиланишларни бошлаб бермоқда. Энди замонавий хизмат турларидан фойдаланиб, китобга буюртма бериш ва истаган нашримизни саноқли дақиқаларда қўлга олиш имкониятига эгамиз.Ҳатто ногирон, кўзи ожизлар ҳам Брайл алифбосида ўқиладиган электрон нашрлар орқали дунё фани ва маданияти дурдоналаридан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш” борасидаги фармойиши ҳаётимиз, тафаккуримиз ва маънавиятимиз учун ғоят муҳим дастур бўлганди. Шундай улуғвор вазифага миллий адабиётимиз ва маънавиятимизга таянган ҳолда ёндашилиб, ишчи гуруҳларга дадил фикр ва ғояларни ўртага ташлай оладиган, адабиётимизни бошқа адабиётлар билан алоқасини тиклайдиган, китобхонларга янги ижод намуналарини тақдим этадиган чинакам маърифат жонкуярлари жалб этилгани мақсадга мувофиқ. Ҳақиқатан, бугун фарзандларимиз китобдан узоқлашиб боряпти. Интернет ва унинг янги тармоқлари ҳиссиётларини ўзгартириб юбораётган бир пайтда уларни мутолаага қайтариш осон эмас. Шу маънода, бугунги китобларнинг сифати, тарғиботи ва савдосини яхшилаш, китобхонлик даражасини кўтариш масаласида ҳал этилиши долзарб бўлган муаммолар кўп.
Республика миқёсда олий ўқув юртларидан тортиб, мактабларгача ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалардан ташқари, қанча ва қайси мавзуларда китоблар, интернет нашрлари бор? Чунки баъзи ахборот ресурс марказларида мумтоз ёдгорликлардан бўлган “Қутадғу билиг”, “Девону луғотит турк”, “Темур тузуклари”,“Хамса”, “Бобурнома”лар кам учрайди. Алишер Навоийнинг йигирма жилддан иборат асарлари босилиб чиқди. Ахир, булар нафақат мактаб кутубхоналари, балки ҳар бир ўзбек хонадонида бўлиши, ўқилиши муҳим бўлган олтин хазиналар-ку! Дунёда тўртта буюк саркарда бўлса, шундан биттаси Амир Темур бобомиз бўлади. Бу муқаддас номлар билан боғлиқ улуғ китобларни қўя туринг, ҳатто Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ҳар юзта ўқувчидан бир ёки иккитасига тўғри келаётганига нима дейсиз? Қодирий бобомиз асарлари шунча кам тиражда нашр этилаётган экан, бошқаларга йўл бўлсин! Буларни ўқимай туриб, фарзандларимиз қандай ватанпарвар бўла олади?! Хўш, бугун бирор таълим, таҳсил ва тарбия масканларидан бирор китобга ўн, юз, минглаб тиражда буюртма тушаяптими? Очиғи, олимлар, файласуфлар, ижодкорлар билан ишлайдиган айрим мутассадди ташкилотлар алломаларни туғилган кунларини нишонлаш, юбилейларини ўтказишдан нарига ўтмаяпти. Натижада, қанчадан-қанча шоир ва ёзувчиларнинг китоблари омборхоналарда узоқ вақт туриб қоляпти. Ёки қўлёзмалари келажак авлодга васиятнома сифатида турли нашриётларда сарғайиб ётибди. Буни ҳисобини олиб, ҳаётий кузатувлар асосида ноширларга тавсиялар берилса, китобхонларни китобга нисбатан муносабати ўзгаради. Чунки баъзилар ҳали саралаб, фарқлаб, танлаб мутолаа қилиш даражасига етиб келмаган. Уларни мубҳам нашрлар чоҳига улоқтиришдан тийилиш лозим. Умуман, таълим масканларидаги кутубхоналарга турли йўллар билан бадиий адабиёт ниқоби остида сохта ва саёз нарсаларни кириб келишига йўл қўймаслик керак.
Кўпчилик билади: ҳозир ҳар хил савиядаги нашрлар сотиляпти. Баъзи хусусий нашриётлар ўз маҳсулотларини ўтказиш учун арзон нархларда бўлса-да, талабгорларни ушлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Натижада, китоб расталарини ҳашаматли, ялтироқ, бадиий асар даражасига етмаган иншолар эгаллаб олган. Баъзан бу жойлардан ўзинг истаган бирорта ноёб китобни қидириб тополмайсан. Юксак китоблар харидоргир бўлиши учун албатта, соғлом бозор керак. Нега нуфузли давлат нашриётлари ўз маҳсулотлари тақдирини ўзи ҳолига ташлаб қўйган? Тўғри, қандай ва қайси асарни ўқиш ҳар кимнинг ўта шахсий иши. Бировни зўрлаб бунга қизиқтириб бўлмайди. Лекин кўзимизга суртиб ўқийдиган китоблар йилдан-йилга қадрсизланиб бораётганини қандай изоҳлаш мумкин? Назаримизда, китобга, маданиятга муносабатни тубдан ўзгартириш учун зиёли ўқувчиларни тарбиялаш керак. Бу борада, ёзувчи ва ноширлардан кўра, ота-оналар ва муаллимлар биринчи ўринда туради. Рўй-ростини айтиш керак, ҳозир мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида педагогика билим юртини битирган қанчадан-қанча мутахассислар бекор юрибди. Ҳеч бўлмаса, шу тайёр кадрларни малакасини ошириб, кутубхона ва китоб дўконларига жалб этилса, бўлмайдими? Бу маориф соҳасининг ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.
Китоб савдоси масаласида ҳам нохолисликлар мавжуд. Масалан, Тошкентдаги китоб дўконларининг ўзида сотиладиган китобларнинг баҳоси ҳар хил. Биргина, Чорсу бозори атрофидаги китоб дўконларнинг ўзида китоблар нархи фарқланади. “Oʻzbekiston” нашриёти матбаа ижодий уйи томонидан қайта-қайта нашр этилган устоз ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг “Аҳмад Яссавий” китобининг баҳоси нашриёт дўконида йигирма мингга яқин. Унинг атрофидаги китоб дўконларда эса ўттиз минггача сотиляпти. Қашқадарёдаги китобхонлардан айнан, шу китоб нархини билиб беришини сўрганимизда, ўттиз беш мингдан ортиқ нархда сотилаётганини айтишди. Пойтахтдаги ўн минг сўмлик китоб вилоятларга уч-тўрт баробар қимматга етиб бораётгани расталарда савияси юксак китобларни сарғайиб ётишига ҳам сабаб бўлмаяптими? Илгарилари китобларга давлат белгилаб берган баҳоси бўлган. Китоб савдоси билан шуғулланадиганлар шу нархда нашриёт ёки китоб дўконларидан сотиб олган. Китоб савдосига кенг йўл очилгани китоб маҳсулотларига ҳар ким ўзи истаган нархни қўйиб сотсин, дегани эмас. Ҳолбуки, нашриётлар қайта-қайта нашр қилаётган китоблар аввалгисидан арзонроқ бўлиши керак. Кўпчилик билади: китоб ёзиш, уни нашр этиш ва китобхонга етказиш осон эмас. Баъзан битта яхши асар яратиш учун бир инсон бутун умрини сарфлайди. Уни чиройли, сифатли қилиб чиқаришда қоғоз ва матбаа харажатларидан ташқари, қанча билағон ноширларнинг меҳнати кетади. Нашриёт маҳсулотларининг талаб ва баҳосини харидор белгилайди. Аммо ҳозир китоб савдосидан кўпроқ тадбиркорлар “фойда” кўраётгандек.Мана шу тўртлик – муаллиф, китоб, ўқувчи ва сотувчи ўртасидаги узилишни тиклаш вақти келди, назаримизда. Бугун бадиий юксак китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини тубдан ўзгартиришга эҳтиёж сезилади.
Адиба УМИРОВА,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг