“Нефтчи” ПФК: янги мавсум тақдимоти эзгулик айёми сифатида ташкил этилди

10:37 25 Февраль 2026 Спорт
767 0

Ўтган йили қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг олтинчи маротаба мамлакат чемпиони бўлган Фарғонанинг “Нефтчи” футбол жамоаси янги мавсум учун ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Янги футбол мавсуми олдидан уюштирилган тақдимот маросими Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда “Нефтчи” профессионал футбол клуби раҳбарияти ташаббуси билан ногиронлиги бўлган болалар учун Мурувват интернат уйи ҳамда Саховат уйида ташкил этилди.

Дастлаб Мурувват интернат уйида болажонларга эсдалик совғалари улашилди. Шундан сўнг клубга янги келиб қўшилган футболчиларни расман таништириш маросими ўтказилди. Футболчилар болалар билан биргаликда саҳнага чиқиб, улардан ўз рақами туширилган футболкаларни қабул қилиб олдилар. Тадбирнинг иккинчи қисми Фарғона вилояти “Ижтимоий қўллаб- қувватлаш маркази“да давом этди. Самимий мулоқотдан кейин ифторлик дастурхони ёзилди. Нуронийлар ва жамоа аъзолари бир дастурхон атрофида жамулжам бўлишди.

Айтиш жоиз, янги мавсумга тайёргарлик жараёнида ёш ва иқтидорли мутахассис Ислом Исмоилов жамоа бош мураббийлигига тайинланди. Шунингдек, жаҳон футболида танилган Юрген Гёде ёрдамчи мураббий, Антонио Сариоглу жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий, Виталий Галат дарвозабонлар мураббийи ҳамда Факунда Стик тактик ва таҳлилий йўналишдаги мураббий сифатида иш бошлади. Ўз навбатида бош мураббийга яна бир гуруҳ маҳаллий мутахассислар ҳам кўмаклашади.

—Янги мавсум олдидан чемпионликка эришган жамоа ўзагини сақлаган ҳолда 10 нафар маҳоратли футболчилар жалб этилди,—дейди Ислом Исмоилов.—Жамоа билан шартнома имзолаганлар орасида ўзбек футболи юлдузларидан ташқари Бразилия, Хорватиядан ҳам ёш ва истиқболли футболчилар борлиги қувонарлидир.

Мавсумолди тайёргарликнинг сўнгги ва ҳал қилувчи босқичи ҳисобланадиган ўқув-йиғин машғулотлари хорижда ташкил этилди. Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган йиғинда 30 нафар футболчи иштирок этган бўлса, уларнинг 11 нафари ёш иқтидор эгалари экани эътиборга молик. Бу жамоада соғлом рақобат муҳити ҳамда мустаҳкам захира шаклланаётганидан далолат беради.

Янги мавсумнинг дастлабки баҳсини “Нефтчи” 28 февраль куни ўз майдонида ўтказиб, “Истиқлол” стадионида Муборакнинг “Машъал” клубини қабул қилади.

—Рамазон ойи муносабати билан бўлиб ўтган бугунги тадбир халқимизнинг энг эзгу фазилатларини намоён этгани билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир,—дейди футбол фахрийси Тоҳир Кападзе.—Ишонамизки, ушбу мавсумда севимли жамоамиз еттинчи бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритиш ҳамда учинчи маротаба Ўзбекистон кубогини боши узра баланд кўтариш учун барча имкониятларга эга.

Қолаверса, узоқ танаффусдан сўнг Осиё чемпионлар лигаси (элит) мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этишини кутиб қоламиз.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер